Соғлом оила - соғлом келажак

Эркаклар гапиришни истамайдиган, аммо индамай азият чекадиган муаммо

Эркакларда эрекция(жинсий қўзғалиш) билан боғлиқ муаммолар анча ёшаргани ҳақида адабиётларда кўп ўқирдик. Бунинг нечоғли ҳақиқатга яқин? Мободо шундай бўлса, қандай йўл тутиш керак? Оилада эр-хотин дисгармонияси унинг бошқа аъзоларига ҳам таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Шундай жуфтликларга бериладиган энг ягона маслаҳат– аввало бир-бирингизни севинг. Муҳаббат ҳар қандай ожизликларни енгиб ўтишга қодир.

— Ҳақиқатдан, жинсий ожизлик ёш-ёш йигитларда ҳам тез-тез учраяпти. Эшик ортида навбат кутиб турганларга разм солдингизми? Улар орасида бирорта ҳам ўрта ёки кекса ёшдаги эркакни учратмайсиз. Бу асосан интим ҳаёт ҳақидаги ахборотнинг кўплиги таъсирида жинсий ҳаётни эрта, яъни 16-17 ёшдан бошлашдан келиб чиқаяпди (бу нафақат йигитларга, балки қизларга ҳам тааллуқли). Бундай ёшда йигитлар оддий билимсизлик оқибатида ҳимояланмаган жинсий алоқага йўл қўйишади. Натижада эса уларга жинсий йўл билан юқадиган инфекцион касалликларнинг ўтиши кузатилади. Кейинчалик ана шу хасталиклар туфайли эректил дисфункция эрта келиб чиқиши мумкин.

Яна қандай омиллар эркакларда эрекция билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради?

— Аввало эрекция йўқлиги тушунчасини аниқлаштириб олсак. Эркакларда вақти-вақти билан жинсий алоқа рисоладагидек кечмаслиги мумкин ва бундан асло ташвишланмаслик керак. Аммо 2-3 ой давомида жинсий яқинлик аввалгидек кечмаса, албатта сексапотологга мурожаат қилиш керак. Бу нозик масалага кўп ҳолларда аёллар ҳам сабабчи бўлишади. Турмуш қургач, эркак худди унинг хоҳиш-истакларини қондирувчи манбадек қабул қилинади. Аёл киши ҳар қачон эрига ўзини чиройли тақдим этишни билиши ва шунга интилиши лозим.

Янги турмуш қурган эркаклар аёлга ўзининг бу борада «юқори даража»да эканини исботламоқчи бўлади. Бу ҳам эрекциянинг бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, жинсий ҳаёти аввал ҳам бўлган эркаклар маълум хатти-ҳаракатлардан сўнггина жинсий яқинликка тайёр бўлади. Шунинг учун ана шундай рағбатлантирувчи ҳаракатлар ҳақида аёлга тушунтириш бериши керак. Барвақт уруғ тўкилишининг олдини олиш учун жинсий қўзғалишни секинлаштирувчи ҳаракатларни кетма-кет қўллаш ҳам бунга яна бир сабаб. Спиртли ичимликлар истеъмоли, гормонал ва жисмоний ўзгаришлар, тарбия таъсирида жинсий эркинликка йўл қўя олмаслик, жарроҳлик аралашувлари, семириш, гипертония, дорилар қабул қилиш ҳам эрекцияни сустлаштирувчи сабаблардандир.

Жинсий жиҳатдан келишмайдиган жуфтликларга маслаҳат

— Бундай жуфтликлар албатта мутахассис кўригига бориши керак. Тажрибамда маслаҳат сўраб келган жуфтликларнинг деярли барчасида эркак ўзини буткул соғлом деб билади. Балки бундайларнинг қанчаси шифокорга эҳтиёжим йўқ, дея кўрикка ҳам келмас. Сексапотолог жуфтликлар билан суҳбатлашиб, уларнинг жинсий ҳаёти нормал изга тушишига ёрдам беради.

Энг биринчи маслаҳат: эркак аёлнинг, аёл эркакнинг хоҳиш-истакларини тушуниб, уларни амалга ошириш ҳақида ўйласин. Мабодо бир-икки марта эркак тўшакда омадсизликка учраса, ақлли аёл «Эртага ҳаммаси яхши бўлади, бугун ҳам чакки бўлмади» дея унга далда бўлсин. Чунки эркакларга аёлини қониқтира олмаслик жуда оғир ботади ва бу кейинчалик унда жинсий яқинликдан руҳан қўрқишни юзага келтириши мумкин. Эректил дисфункциянинг сабаби қандай бўлишидан қатъий-назар, дарров қўзғатувчи воситалар ва механик мосламалардан нажот изламаслик керак. Иложи борича эркаклик табиатини ишга солиш ҳақида ўйланг. Гипертония, миокард инфаркти, инсульт ва руҳий бузилишларни бошидан кечирган эркакларга бундай воситаларни қўллаш ман этилади.
Эркаклар муаммоси

Эркаклар орасида жинсий аъзонинг кичиклашиши мумкинлиги ҳақида ҳадик бор. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?

— Бу афсонадан бошқаси эмас! Аксинча, йиллар ўтиши билан у ҳам бошқа аъзолар сингари ўсиб, ривожланади. Бу ҳадикнинг асоси эса семириш билан боғлиқ. Эркак ортиқча вазн тўплаган ҳолларда олатда ҳам ёғ тўпланиш ҳолати кузатилади.

Жинсий яқинлик меъёри ҳақида гапириш мумкинми ё у ҳар бир жуфтликнинг индивидуал хусусиятларига боғлиқми?

— Бу албатта индивидуал ва ҳар икки томоннинг розилиги асосида рўй бериши керак. Аммо 19-25 ёшли йигит гиперсексуаллик даврини бошидан кечиради. Шунга боғлиқ равишда 30 ёшгача ҳар куни-кунора ҳам жинсий яқинлик бўлиши табиий. 30 ёшдан кейин 45 ёшгача оилавий ҳаётга, ягона шерикка кўникиш туфайли ҳафтасига 2-3 марта, ёш ўтиши билан (50 ёшдан кейин) эса ҳафтасига 1-2 маротаба жинсий яқинлик бўлиши мумкин. Шуни ҳам эътиборга олиш керакки, эркаклар жинсий характер жиҳатидан ҳам 3 гуруҳга бўлинади: кучли, ўрта ва қониқарли. Кучли эркаклар ҳар куни, қайта-қайта жинсий яқинликка эҳтиёж сезса, қониқарли тоифадаги эркакларга ойда бир маротаба қовушиш ҳам етарли бўлади. Бу ҳам ҳеч қандай касаллик ёки патология эмас ва ушбу ўринда талаб, эҳтиёжлар борасида эр-хотин муроса қилиши керак.

Эркаклар жинсий бақувват бўлишлари учун қандай овқатланиши керак?

— Ҳар хил сабзавотлардан тайёрланган салатлар, ёнғоқ, қовоқ уруғи, иложи борича экологик табиий маҳсулотларни истеъмол қилишлари зарур.

Жинсий ожизлик сезаётган эркаклар ўзига қандай ёрдам бериши мумкин?

— Мабодо тўшакдаги омадсизликлар қайталанаверса, демак, эркакнинг хоҳишлари имкониятларидан ортиб кетган. Юқоридаги омиллардан ташқари спиртли ичимликларни сурункали ичиш, қаттиқ чарчашни бартараф этган ҳолда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратинг:

  • Жинсий яқинликка фақатгина шунга жазм қилган ҳоллардагина йўл қўйинг;
  • Энг аввало сиз инсонсиз, машина эмас. Ҳис-туйғуларингиз ва салоҳиятингиз доимий бир хил бўлиши мумкин эмас. Баъзан жинсий алоқага шай бўлиб турсангиз, баъзида қўшимча рағбат кутасиз. Шунинг учун аёлингиз билан бу ҳақда дилдан суҳбатлашишдан тортинманг;
  • Тасодифий учрашувлардан узоқроқ юринг. Шунда ўзингиз ва жинсий шеригингизга бўлган ишонч ҳам жинсий қувватингизни оширади;
  • Табиатан сизга берилган ташқи кўринишни ҳеч қачон муҳокама қилманг. Чунки жинсий алоқасиз ҳам жуфтликлар бир-бирини қониқтира олиши мумкин. Аммо жинсий яқинликдан келадиган лаззат сизнинг онгингиздан ташқари юз беришини унутманг;
  • Агар қошушиш вақти ёки ундан олдинроқ жинсий қўзғалиш рўй бермаса, бунинг учун асло куйинманг. Аёлингизга шунчаки, “Бугун қаттиқ чарчабман (ёки «Кўп ичиб юборибман, шекилли»), эртага ҳаммаси яхши бўлади” деб тушунтиринг ва ҳеч қачон ўзингизни айбдордек ҳис қилманг. Шунинг баробарида аёлни ҳам бу омадсизликда айбламанг. Жинсий яқинликсиз ҳам кўнгилларингизни бир-бирингизга боғлаш ҳақида ўйланг;
  • Интим ўйинлар ҳақида фантазия қилиш ҳам ортиқча бўлмайди. Ҳолатларни ўзгартириб туриш ҳам жинсий яқинликни мустаҳкамловчи тадбирлар сирасига киради;

Шунингдек, жинсий жиҳатдан ўзни эркин ва ишончли тутиш учун махсус машқлар борки, уларни мутахассис билан маслаҳатлашган ҳолда амалга ошириш мумкин.

Эксперт: Рамазон Назаров, андролог-сексапотолог.
Журналист: Темур АЛИЕВ.
Манба: «Суғдиёна» газетаси.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.