Соғлом оила - соғлом келажак

Эркаклар бепуштлиги. Давоси борми?

Оила қургач, бир йил давомида фарзандли бўлолмаётган жуфтликларда насл қолдириш хусусияти билан боғлиқ муаммолар борлиги тахмин қилинади. Аммо бу тахмин холос. Аниқ маълумот қатор текширувлардан сўнг айтилиши мумкин. Агар эркак яқинлик вақтида безовталик ёки жинсий аъзоларда бирор ўзгариш сезса ва аёлда бир йил давомида ҳомиладорлик юзага келмаса, мутахассисга кўрингани маъқул. Бундай вақтларда биринчи текширув уролог ҳузурида амалга оширилади.

Эркаклардаги бепуштликнинг сабаблари қандай?

Эркакларда тўғридан-тўғри насл қолдириш хусусиятига таъсир этувчи сабаблар қуйидагилар бўлиши мумкин. Булар:

  • Жинсий аъзолардаги яллиғланиш ҳолатлари билан боғлиқ касалликлар (уретрит, простатит).
  • Уруғ ўтказиш каналининг берклиги (жинсий йўл орқали ўтувчи инфекциялар, жарроҳлик амалиётидан кейинги чандиқли ўзгаришлар, ривожланишдаги туғма нуқсонлар сабаб уруғ канали йўлида берклик ҳолати юзага келиши мумкин. Бу эркак жинсий ҳаётида сезилмайди. Шу боис ҳам махсус лаборатор текширув жараёнидагина муаммони аниқлаш мумкин).
  • Варикоцеле — мояк халтасидаги қон томирларининг варикоз кенгайиши (бу ҳолатда варикоз томирларининг кенгайиши ва узайиши ёрғоқларда ҳарорат кўтарилишига олиб келиб, сперматазоидларнинг сифат даражасига сезиларли таъсир этади).
  • Организмдаги гормонал ҳолатнинг ўзгариши (айнан гормонал ўзгаришлар жинсий ҳаёт фаоллигига ҳам таъсир этиб, бир қатор носпецифик ҳолатлар билан кузатилади. Масалан, эркак тана вазнининг ортиши ёки камайиши, депрессия, кайфият ўзгарувчанлиги кабилар).
  • Иммунологик бепуштлик (бунда худди эркак иммун тизими организмга кирган ёт моддаларга нисбатан қарши ҳужум қилгандек таъсир этиб, натижада спертазоидларни нобуд этади ва уруғланиш жараёни юз бермайди).

Бепуштлик тахмин қилинса, қандай таҳлиллар ўтқазилади?

Бепуштликка тахмин қилинаётган эркак учун бирламчи текширув усули, бу — сперма таҳлили. Текширув давомида сперма таркибидаги сперматазоидлар сони, фаоллик даражаси камлиги ёки шаклининг ўзгариши аниқланса, қайта текширув тайинланади. Агар такрорийсида ҳам аввалгисидек натижа бўлса, қўшимча текширув белгиланади.

  • Бирламчи текширувда сперматазоидлар миқдори, ҳаракатчанлиги, шакли ва тириклиги текширилади.

Иккиламчи текширувда қон таркибидаги гормонлар миқдори, сперматазоидлар ҳаракатчанлиги, иммунологик текширув, уруғ ўтказиш йўлининг очиқлиги ва УТТ амалга оширилади.

Зарур ҳолларда шифокор томонидан эркак спермасининг қўшимча таҳлили ҳамда ёрғоқ биопсияси ўтказилиши мумкин.

Текширув шартлари қандай?

Таҳлил натижаси ишончли ва керакли маълумотлар олиш имконини бериши учун текширувдан аввал қуйидагича тайёрланиш тавсия этилади:

  • Таҳлил топширишдан аввал 3-5 сутка жинсий яқинликдан сақланиш;
  • Тўла текширув учун сперма тўлиқ миқдорда йиғилиши керак. Бунинг учун турли суртмалардан фойдаланиш ман этилади. Сабаби суртмалар сперматазоидлар ҳаракатчанлигини камайтириши мумкин.
  • Эякулят олинганидан сўнг 30-45 дақиқа ичида тана ҳарорати даражасида лаборатория текширувига топширилиши керак. Шу боис ҳам бундай текширувлар махсус лабораторияларнинг алоҳида хоналарида ўтказилади.

Репродуктив тизимга салбий таъсир этувчи омиллар

Аксарият ҳолларда эркаклардаги репродуктив тизим фаолиятининг меъёрда бўлмаслиги эркак уруғининг зарарланиши ва сифатининг бузилиши билан баҳоланади. Мисол тариқасида бир неча ҳаётий омилларни келтириш мумкин. Булар:

  • чекиш, спиртли ичимлик ичиш;
  • дори препаратларининг таъсири;
  • тез-тез иссиқ ҳароратда тобланиш (сауна, ҳаммомлар);
  • жуда тор бичимдаги ич кийимлардан фойдаланиш;
  • носоғлом ҳаёт тарзи.

Жинсий аъзолардаги туғма нуқсонлар насл қолдиришга монеълик қилиши мумкинми?

Эркаклар жинсий аъзоларидаги туғма нуқсонли хасталиклар сифатида қуйидаги ҳолатлар қайд этилади:

  • Уруғ йўлининг бўлмаслиги. Бунда сперматазоид ҳаракатланиши учун керакли шароит бўлмай, уруғлантириш юз бермайди. Бу ҳолатда насл қолдириш хусусиятини тиклаш учун жарроҳлик аралашуви талаб қилинади.
  • Клайфентлер синдроми — генетик ноқислик бўлиб, қўшимча Х хромосома миқдори билан характерланади. Касалликнинг кенг тарқалган кўриниши эякулятда сперматазоидлар миқдорининг камайиши ёки умуман бўлмаслигидир. Клайфелтер синдроми аниқланганда генетик мутахассис билан маслаҳатлашиш тавсия этилади. Касаллик болага отаси томонидан ўтади. Бу синдромда фарзандли бўлиш имконияти ҳар доим ҳам кутилганидек бўлавермайди.
  • Крипторхизм — ёрғоқда битта ёки иккала моякнинг бўлмаслиги. Агар янги туғилган ўғил боланинг мояклари бир йил ичида ёрғоққа тушмаса, келгусида насл қолдириш билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкин. Паталогия аниқланганда эса боланинг 4 ёшигача давомли муолажа олиб борилса, яхши натижага эришиш мумкин.

Эркаклар бепуштлиги ёш кўрсаткичига боғлиқми?

Маълумки, аёлнинг биринчи фарзанд кўриши 35 ёш ва ундан юқорисига тўғри келса, ҳомиладорлик оғир кечиши мумкинлигини ҳисобга олиб, ёшга доир меъёрлар келтирилади. Аммо эркакларда ёшга доир чекловлар йўқ. Аммо эркакнинг ёши катталашгани сари соғлом насл қолдириш хусусияти ҳам заифлашиб бориши мумкин. Бироқ организмнинг индивидуал кўриниши ва иммунитетининг мустаҳкамлигига кўра маълум ёш белгиланмаган.

ЭКУ, инсеминация  бепуштлик ечимими?

ЭКУ, инсеминация усулларга мурожаат қилишдан аввал эркакнинг умумий ҳолати, белгиланган таҳлиллар натижаси ўрганилади. Аниқланган ҳолатлар юзасидан керакли муолажалар, зарур ҳолларда жарроҳлик аралашувлари ўтказилади. Даволаш ишлари якунлангач, маълум муддат натижаси кузатилади. Ҳеч қандай ўзгариш бўлмаса, қайта текширув ўтказилиб, шунга кўра сунъий инсеминация ёки ЭКУ усуллари тавсия қилиниши мумкин. Тиббиётда бу усуллар 100 фоиз ишончли дея кафолатланмайди.

Руҳий зарба!

Аёл фарзандли бўлиши учун умидини сўндирмаса-да, эркак учун бу жиддий эмоционал зарба. Бу вақтда эркакда ўзига нисбатан ишончсизлик, асабийлик, атрофидаги ҳолатларга нисбатан бефарқлик, ўз қобиғига ўралиб қолиш каби ҳолатлар кузатилиши мумкин. Вазиятни назорат қилиш ва олға интилиш учун аёл ва эркакда бирдек қатъият, кучли ирода бўлиши керак.

Аёлларга маслаҳатим:

  • Жуфтингиз билан очиқ мулоқотни сақлашга ҳаракат қилинг.
  • Шундай қулай шароит яратингки, бундан нафақат ўзингиз, балки жуфтингиз ҳам ўзини эркин сезсин.
  • Нафратланишдан сақланинг. Бепуштликни ҳеч ким ўз ихтиёри билан танламайди!
  • Бир-бирингизни доимо қўллаб-қувватлашга ошиқинг. Айниқса, бирон сабаб билан кимнингдир кайфияти тушкун ҳолатда бўлса.
  • Жинсий ҳаёт тарзингизга озгина бўлса-да романтик муҳитни қўшинг. Шуни унутмангки, жинсий яқинликдан мақсад фақатгина фарзанд кўриш учун эмас.
  • Даволаш тури ва муолажалар ҳамда келгусидаги режаларни биргаликда тузиб чиқинг.

Эркакларга маслаҳат!

Аввало руҳиятингизни чўктирманг. Хоҳиш ва ирода бўлса, ҳамма нарсанинг иложи бор. Тўйдан кейин бир йил ўтгач фарзанд бўлмаса, дарров аёлингиз ёки ўзингиздан айб қидирманг. Яхшиси, шубҳаларингизни четга суринг-да, шифокорга кўрининг. Фарзанд кўришнинг эрта-кечи бўлмайди. Шунчаки саломатликка эътибор қилинса бўлгани.

Абуқодир Фозилов,
андролог-уролог.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.