«Ёшим 21 да. Биринчи ҳомиладорлик бола тушиши билан якунланди. Сўнг қонимда инфекция борлигини аниқлашди. Шифокорлар тавсияси билан «ситоломеголовирус»га қарши даволандим ва ҳомиладор бўлдим. Аммо бу гал «Пузырный занос» ташхиси билан ҳомилам олиб ташланди. Бу касаллик нимадан келиб чиқади, қандай даволаниш керак? Шулар ҳақида маълумот берсангиз…»
«Пузырный занос» – тиббиётда елбўғоз, деб аталади. Бу камдан-кам учрайдиган хасталик тури бўлиб, уруғланиш жараёнида юзага келади ва йўлдош тўқималарининг патологияси ривожланиши билан давом этади. Ўртача кўрсаткичларга қараганда, бундай патология мингта ҳомиладорликдан биттасига тўғри келар экан.
Трофобластик хасталиклар гуруҳига кирувчи елбўғоз эмбрион имплантацияси ва йўлдош ривожланишига жавобгар саналадиган эмбрионал тўқималар қатламидаги ўзгариш натижасида пайдо бўлади. У хавфли бўлмаган кичик ўсимта ва ичида суюқлик тўплаган узум доналарига ўхшаш пуфакчаларни эслатади. Агар ушбу пуфакчалар у қадар кўп бўлмаса, қисман елбўғоз ташхиси қўйилади. Аммо хасталикнинг мазкур тури ҳам аксарият ҳолларда ҳомиладорликнинг иккинчи уч ойлигида ривожланади. Бундай касаллик билан оғриган аёлларда боланинг тирик туғилиши эҳтимоли бор, аммо, кўпинча, ҳомила нобуд бўлади.
Тўлиқ елбўғоз эса эмбрион ривожланишининг эрта даврида, йўлдошда қон айланиши юзага келгунига қадар нобуд бўлади. Касалликнинг оғир шаклида эса бу пуфакчалар бачадоннинг мушак қатламига ўтиб кетиши билан кечади. Қон айланиш тизимига тушган пуфакчалар бутун организмга тарқалиб кетиши хавфи ҳам мавжуд.
Елбўғознинг келиб чиқишига сабаб…
Бу хусусда аниқ ва батафсил маълумотлар йўқ. Лекин тахминларга кўра, касаллик соғлом ёки бўш тухум ҳужайранинг бирйўла иккита уруғ ҳужайра ёки икки тўпламли хромосомага эга бўлган уруғ ҳужайра билан уруғланиши оқибатида юзага келади. Эмбрион 46 (23 та оталик ва 23 та оналик) та хромосома ўрнига 3 баробар кўп хромосомага эга бўлади (23 оналик, 46 та оталик). Шунингдек, қонда ХГ миқдори кўтарилиб кетади.
Хасталик аломатлари ва ташхис
- 90 фоиз ҳолатда жинсий аъзолардан қонли ажралмалар келади. Баъзан бу пуфакчаларни қонда ҳам кўриш мумкин;
- Токсикоз оғир кечади. Қаттиқ кўнгил айниши, шишлар ва 20-30 фоиз ҳолатда қусиш кузатилади;
- ХГЧ (хорион гонадотропин) миқдори кўтарилади;
- Бачадон ҳажми меъёридан катталашиб кетади;
Ултратовуш текширувида ҳомила тамоман ёки қисман йўқлигини кўриш мумкин. Шу билан бирга ҳомиланинг юрак уриши ҳам эшитилмайди. Бундан ташқари, 20 40 фоиз ҳолатда тухумдондаги 8 см ва ундан катта ҳажмдаги тека-лютиен ўсимта (киста)ларини кўриш мумкин.
Шу билан бирга бош оғриғи, чарчоқ, қон босимининг кўтарилиши ва сийдикда оқсил кўпайиши ҳам учраб туради.
Елбўғоз касаллигини даволаш
Касаллик ҳомиладорликнинг 12 ҳафтасига қадар аниқланса, ҳомила олиб ташланиб, бачадон тозаланади. Вакуум аспирация – махсус ускуна ёрдамида бачадондан тортиб олиниб, тозаланади.
Гистеректомия (бачадонни олиб ташлаш) – ҳормиладорлик муддатидан қатъий назар, бачадон ҳажмининг катталашиб кетишида (24 ҳафталик ҳомиладорлик ҳажмида) қўлланилади. Қолаверса, пуфакчалар қин ва ўпкага ўтиб кетганида ҳам шундай амалиёт қўлланади.
Елбўғозга чалинган аёллар 3 йил ва ундан ортиқ давомида шифокор назоратида бўлиши керак:
- 1 2 ой давомида (3 марта салбий натижа чиққунига қадар) ҳар ҳафта қондаги ХГ миқдори текширилади.
- Ултратовуш текшируви, елбўғоз олиб ташлангач, 2 ҳафтадан сўнг ўтказилади. Кейин эса бемор ҳар 2 ойда текширилади (ХГ миқдори салбий чиққунига қадар).
- Ўпка рентгени. Қондаги ХГ миқдори нормал ҳолатга келгунига қадар ҳар ойда ўтказилади.
Замонавий тиббиётдаги илғор услублар, ўз вақтида аниқ ташхис қўйилиши ва зарур муолажаларни олиш туфайли аёл бола туғиш имкониятини сақлаб қолиши мумкин. Аммо, бундай касалликни бошидан кечирган аёл 3 йил давомида ҳомиладор бўлишга шошилмаслиги лозим. Олиб борилган узоқ муддатли текширув натижалари ижобий чиққачгина ҳомиладорликни режалаштириш мақсадга мувофиқдир.
Эксперт: Зулфизар КАРИМОВА, акушер-гинеколог
Журналист: Мадина ЗАРИФ
Манба: «Суғдиёна» газетаси.