Соғлом оила - соғлом келажак

Эгизак фарзанд кўриш борасида фойдали маълумотлар

Болалигимдан эгизак фарзанди бор аёлларга ҳавас билан қарардим. Ўзимча ўша вақтларда мен ҳам улар каби бир-бирига қуйиб қўйгандек ўхшаш болачаларнинг онаси бўламан деб, орзу қилганман. Вақт ўтиб, ҳомиладорлик ва она бўлиш бахтига муяссар бўлганимдан сўнг, бу қанчалар машаққатли эканини тушунгандек бўлдим… Лекин барибир, болаликдаги орзу мени бутунлай тарк этканича йўқ! Менимча, икки карра бахтга эришиш учун нималар қилиш лозимлиги бир мени эмас, кўпчилик аёлларни қизиқтириши шубҳасиз.

Photo: Twinstuff.com

Эгизаклар туғилиши фавқулодда ҳодиса!

Бу ҳақиқаттан ҳам кам рўй берадиган ҳодиса саналади. Ҳамма янги туғилган чақалоқларнинг 2 %инигина эгизаклар ташкил этади. Ҳамма эгизакларнинг 2 %ига эса бир вақтнинг ўзида туғилган уч эгизаклар тўғри келади. Барчанинг ҳаваси келадиган ҳолат: эгизак гўдакларни бир хил кийинтириб, олиб юриш бахтига мушарраф бўлишдан аввал қийин йўлни босиб ўтишга тўғри келади…

Эгизаклар қандай вужудга келади?

Эгизаклар икки турга ажратилади. Дизиготали (бир-бирига ўхшамайдиган ёки икки жинсли) эгизаклар уруғланган икки тухумдан ривожланади. Бир ҳайз циклида етилган икки тухум ҳужайра бир вақтнинг ўзида уруғланмаслиги мумкин, баъзида бир неча соатдан бир неча кунгача фарқ кузатилади. Икки тухумли эгизаклар генетик жиҳатдан бир-бирига оддий ака-укалардек ўхшаш бўлади, холос.

Монозиготали (бир жинсли ва бир-бирига қўйиб қўйгандек ўхшаш) эгизаклар битта тухум ҳужайра ва бир уруғ ҳужайранинг бирикишидан юзага келади. Тиббиёт илмига ҳанузгача маълум бўлмаган биокимёвий ҳодисаларга кўра, бир ҳужайра иккига бўлиниб, жуфт эмбрион ривожлана бошлайди. Она қорнидаги муҳит, ДНК мутациялари ва бошқа бир қанча омилларнинг таъсири натижасида эгизаклар бир-биридан бироз фарқланиши ҳам мумкин, лекин бу сезиларли даражада бўлмайди. Монозиготали эгизаклар дизиготалиларга қараганда 5 маротаба камроқ туғилади. Ҳамда уларнинг аксарияти ўғил болалар бўлади.

Эгизакларни режалаштириш мумкинми?

Бўлажак ота-оналар ўз истагига кўра эгизаклар билан ҳомиладор бўлиш жараёнига аралаша олмайди. Чунки икки ҳужайра бирикишининг ўзидаёқ туғилажак боланинг жинси, битта ёки иккита бўлиши ҳамда ташқи кўриниши ҳақидаги маълумотлар юзага келади. Бироқ айрим ташқи омиллар дизиготали эгизаклар туғилишига сабаб бўлиши мумкин, бироқ бу ҳодисанинг монозиготалиларга таъсири йўқ.

Аёлнинг ёши

35-39 ёшга келиб, аёл организмида эгизакларга ҳомиладор бўлиш имконияти ортади. Чунки бу даврда тухум ҳужайраларини етилишини рағбатлантирадиган гормон миқдори ошган бўлади. Маълумотларга кўра, бир вақтнинг ўзида уруғланишга тайёр тухум ҳужайралар етилиши ҳолатлари кўп кузатилади. Бу гормон миқдори айниқса баҳор фаслида ошгани учун йилнинг бу уч ойлигида эгизаклар билан ҳомиладор бўлганлар сони кўпаяди.

Насл

Агар қариндошларингизда эгизак фарзандлар бўлса, сизда ҳам эгизак кўриш имконияти бўлиши мумкин. Бироқ эгизак туғишга бўлган мойиллик онадан-қизга ўтишини инобатга олсак, буви, она, холалар эгизак фарзанд кўрган бўлса, демак сиз ҳам бу бахтга эриша оласиз.

Қисқа ҳайз цикли

20-21 кунлик ҳайз циклига эга аёлларда бир даврнинг ўзида бир қанча тухум ҳужайралар етилади. Бундан ташқари бачадонда табиий нуқсон (икки шохли бачадон, бачадон бўшлиғида тўсиқ) ларнинг мавжудлиги ҳам эгизаклар туғилишига сабаб бўлиши мумкин.

Даволаниш ва сунъий уруғлантириш

Сўнги вақтларда бепуштлик ҳамда айрим гинекологик касалликларни даволашда тухум ҳужайраси ривожланиши ва овуляция жараёнига таъсир қилувчи гормонал дорилардан фойдаланиш оммалашди. Узоқ йиллар давомида бепуштликдан азият чеккан жуфтликлар даволангач, бир йўла эгизакларнинг ота-онасига айланиши ҳам кўп кузатилган. Шунингдек, ЭКУ (экстракопораль уруғлантириш) усулидан кенг фойдаланиш натижасида эгизаклар туғилиши ноёб ҳодисалар қаторидан чиқа бошлади.

Ижтимоий омил

Сабаби тўлиқ ўрганилмаган бўлса-да, статистик маълумотларга кўра жаҳонда нотинч ва ижтимоий ўзгаришлар рўй берган даврларда эгизакларнинг кўп туғилиши кузатилган.

Битта, икки ёки учтами?

Бундан 20-25 йил илгари ҳомиланинг эгизак эканлиги 20-ҳафтадан сўнг ёки туғруқ жараёнида маълум бўларди. Ҳозир эса бу ишни ҳомила 5 ҳафталик бўлганида ҳам аниқлаш имкони мавжуд.

Кўп ҳомилали ҳомиладорликнинг белгилари қандай?

  • Оддий ҳомиладорликка нисбатан бачадон тез катталашиб боради;
  • Бачадон ҳажми ҳомиладорлик муддатига тўғри келмайди;
  • Акушер текширувида бачадон бўшлиғида учта ёки ундан кўпроқ тана аъзоларининг (иккита бош ва битта тос суяги ёки иккита тос суяги вабитта бош) сезилиб туради;
  • Бачадонннинг икки томонида юрак юриши аниқ эшитилади;
  • 5 ҳафталик ҳомиланинг УТТ текшируви ўтказилганида бачадон бўшлиғида иккита уруғланган тухум ҳужайраси аниқланади;
  • Малакали мутахассис 14 ҳафталик ҳомиланинг бир уруғли ёки икки уруғли эканлигини тухум ҳужайранинг қобиғига қараб, бемалол айтиб бера олади.

Икки карра бахтнинг баҳоси

Бўлажак онада кўп ҳомилали ҳомиладорлик аниқланса, у ҳомиладорларнинг хавфли гуруҳига киритилади. Чунки бундай ҳомиладорликда она ва боланинг соғлиғига ножўя таъсир кўрсатувчи жиддий муаммоларнинг юзага келиш хавфи бир неча баробар ошади. Муаммоларсиз кечаётган кўп ҳомилали ҳомиладорликда ҳам бўлажак она чарчоқ, иккинчи уч ойликда нафас етишмовчилиги, юрак тез уришини ҳис қилиши мумкин. Чунки бу вақтда бачадон оддий ҳомиладорликка нисбатан 3-4 баробар катталашиб, юрак ва ўпка жойлашган диафрагмага босим беради. Шунингдек,

  • Эрта бошқоронғулик;
  • Артериал қон босимнинг ошиши;
  • Вена қон томирларининг варикоз кенгайиши;
  • Қорин ва сон қисмидаги терининг чўзилишиши;
  • Шишлар;
  • Пешобда оқсилнинг ажралиши;
  • Гемоглобин пасайиши;
  • Бола тушиш хавфи кабилар кузатилади.

Эгизаклар ўзи туғиладими ёки…

Бу масалага ҳомиладор аёлнинг хоҳиши ва шифокори кўрсатмасига кўра ечим топилади. Шунинг учун олдиндан бир қарор қабул қилмаслик тавсия этилади. Ҳамда ҳомиладорликнинг сўнгги уч ойлигида мунтазам шифокор кўригида бўлиш лозим.

Манба: «Суғдиёна» газетаси.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.