«Чиллали аёл» ёки «Чиллали чақалоқ» деган гапларни кўп эшитамизу, аммо ҳамма ҳам чилла даври ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмаса керак. Чилла чақалоқ ва аёл саломатлиги учун ғоят муҳим давр ҳисобланиб, ўзига яраша қонун-қоидалари бор.
Чақалоқ туғруқхонадан уйга олиб келингач, қандай урф-одатлар ўтказилади?
Азон айтиш
Ёшиши улуғ бувиларимиз чақалоқнинг киндиги тушиши билан қулоғига азон айтилиши керак, дейишади. Бу ишнинг хосияти чақалоқнинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиш орқали муборак калималарни бола қалбига жо қилишдан иборатдир. Азон айтилишидан аввал чақалоқ чўмилтирилиб, покланади.
Исм қўйиш
Ҳадис ва ривоятларда келтирилишича, ота-она фарзандига исм танлашда унинг масъулияти ва охиратдаги савол-сўроғини ўйлашлари лозим экан. Янги туғилган чақалоққа исм танлашни кўпни кўрган, ҳаётий тажрибаси бор буваю бувижонлар, яъники оила катталари бажарсалар тўғри бўларди.
Соч кесиш, тирноқ олиш
Чақалоқнинг соч ва тирноқлари ўсган бўлса, аввал ёши катта бувилар Аллоҳнинг каломини келтирган ҳолда бола тирноғига қайчи уришади. Сўнг тирноқ ва сочлар яна ўсиши билан бу ишни онанинг ўзи ҳам бажариши мумкин. Асосийси, боланинг терисига шикаст етказмасликка ҳаракат қилинг.
Бешикка солиш удуми чилла даврининг етти куни давомида амалга оширилади. Ҳатто шифокорлар болани бешикка солишни тавсия этишмаган бўлса ҳам ирими учун бешикка солиш маросимини бажариш мумкин. Бу «бешикка солинган бола «ўз ётоғи»га эга бўлди, энди унинг ҳам ўз макони бор» деган маънони англатади.
Чилла кийимлари
Қирқ кун давомида чақалоққа бир неча хил либосларни кийдирсангиз, чилласи чиққач, уларни ювиб-тозалаб, алоҳида олиб қўйинг. Боиси чилла вақтидан сўнг «боланинг чинакам ҳаёти бошланди» деган маънода аввал ишлатилган кийимлардан фойдаланилмайди. Баъзи иримларга кўра, чилла вақтидаги кийимлардан давомий фойдаланавериш чилла тошмалари юзага келишига сабаб бўлар экан. Аммо бу кийимларни кейинги фарзандингиз учун бемалол ишлатсангиз бўлади.
Ақиқа маросими
Оилада фарзанд дунёга келгач, имкон қадар Аллоҳ розилиги йўлида қурбонлик учун бирон жонлиқ сўйилади. Ақиқани чақалоқнинг 21 кунлигида ёки 4 ойгача бўлган вақтида бажариш мумкин. Бу маросим оиланинг имкониятидан келиб чиқиб бажарилгани маъқул.
«Чилласи чиқди!»
Чилла даврида шом вақтида келган меҳмонларга чақалоқ кўрсатилмайди. Кеч тушиши билан боланинг ювилган кийимлари ташқарида қолдирилмайди. Онага ҳам шом вақти ташқарига чиқиш маън этилади. Чилланинг 40-куни эса ёши улуғ бувилар томонидан бола «тилла суви»да чўмилтирилади. Бунда онанинг барча тилла тақинчоқлари челакдаги сувга солиниб, бола чўмилтирилгач, устидан қуйилади. Бу маросимнинг маъноси «боланинг ҳаёти тилла каби тоза бўлсин» дегани. Чақалоқ чилладан эсон-омон чиқди деган хабарни билдириш учун эса юпқа пиширилиб, қўни-қўшниларга тарқатилади. Чақалоқ чўмилтирилгандан сўнг албатта янги уст-бош кийдирилиши керак.
Чилла даврида аёл организмида қандай ўзгаришлар кузатилади?
Туғруқни бошидан ўтказган аёл учун чилла сақланиши бежиз эмас. Айнан мана шу вақтда аёл организми аста-секин ўз ҳолига қайтади. Шу билан бирга, қирқ кун ичида аёл организмида бир қатор ўзгаришлар рўй беради.
Бачадон қисқариши
Туғруқдан сўнг бачадон секин-аста қисқариб, чилла даври тугангунга қадар ўз ҳолига қайтади. Аввалига аъзо қисқариши тезлашиб, туғруқхонада қориннинг пастки соҳасидаги оғриқлар билан кечади. Бу жараён туғруқдан кейинги 2-3-кунларга тўғри келади. Туғруқхонада бачадон ҳолати шифокорнинг кунлик текшируви ёрдамида назорат қилиниб, туғруқҳонадан чиқиш олди ултьратовуш текшируви орқали таҳлил қилинади. Бу жараёнда нафақат аъзо ҳолати, балки бачадон ичида қон қуйқалари, йўлдош парчаларининг бор-йўқлигига ҳам эътибор берилади. Бордию аъзо қисқариши меъёрда бўлмаса, шифокор томонидан маълум турдаги препаратлар буюрилади.
Бачадон қисқараётган вақтда йўлдош жойлашган юзадаги шиллиқ қават ҳам тикланиб, аста-секин бачадон ички юзасини қоплаб боради. Бу жараён тугаллангунга қадар туғруқ вақтида бачадон ички юзасида ҳосил бўлган жароҳатлардан чилла даврига хос чиқиндилар яъни лохиялар келиб туради. Шифокорлар фикрича, эмизаётган аёлларда бачадон қисқариши меъёрда бўлар экан.
Қин ажралмалари
Туғруқдан сўнг йўлдош кўчган бачадон юзаси яра билан қопланади. Бачадон қисқариши ҳисобига ярадаги узилган томирлардан қон оқа бошлайди. Туғруқдан кейинги илк кунларда қонли ажралмалар нисбатан кўп бўлиб, чилла даврида секин-аста камайиб боради. Аввалига ажралмалар қон аралаш келса, бора-бора ранги очроқ, сарғиш тусга кириб боради. Ҳар бир аёл организми индивидуаллиги ҳисобига ажралмалар давомийлиги ҳам турлича бўлиши мумкин. Аммо нормал ҳолатда қонли ажралмалар чилла вақти тугагунига қадар якунланиши лозим.
Бачадон тушиши
Ҳомиланинг катта ўлчамда туғилиши, туғруқдан кейинги даврда оғир юк кўтариш, ҳомиладорликдан аввал жисмоний куч талаб қиладиган меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳамда эгизак фарзандларни дунёга келтириш натижасида баъзан бачадон тушиши кузатилади. Агар аёл саломатлигига эътиборли бўлиб, ортиқча оғир юк кўтармай, эгилмай, шифокорлар маслаҳатига риоя қилса, бачадон секин-аста асл ҳолига қайтади. Аммо турли безовталиклар ҳамда оғриқлар бўлганда жарроҳлик амалиётига мурожаат қилиниши мумкин.
Оёқлар увишиши
Баъзан янги туққан аёллар гўдагини эмизаётиб, оёқлари увишишидан шикоят қилишади. Бунга сабаб шуки, аёл организми ҳомиладорлик даврида кальций миқдорини бола учун сарфлаб, ўзидаги заҳирани тамомлайди. Натижада оёқларда қон айланиши сустлашиб, увишиш юзага келади. Бу каби ўзгаришлар кузатилганда шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда кальций моддасига тўйинган препаратлар қабул қилиш, оёқ ва кўкракни иссиқ тутиш лозим.
Кўкрак
Бола туғилгач, кўкрак безлари фаолиятида ҳам ўзгаришлар кузатилади. Дастлаб кўкракдан бола иммунитети учун ғоятда муҳим бўлган оғиз сути ажралади. Туғруқдан кейинги 3-4-кунга келиб эса тўлиқ сут ишлаб чиқарилади. Кўкракдан сут келиши кимлардадир оғриқли кечиб, бир қатор ноқулайликлар туғридиши мумкин. Бундай вақтларда ёнингизда тажрибали аёлларнинг бўлиши фойдадан холи эмас. Сут бирданига кўпайиб кетганида уни соғиб ташламай, эмизиш вақтини назорат қилинг. Эмизишдан аввал кўкрак сўрғичларини қайнаган сувда чайилган стерилланган бинт билан тозаланг. Айниқса, кўкрак сўрғичларида ёриқлар пайдо бўлса, тозаликка ниҳоятда эътиборли бўлинг. Аксарият ҳолларда кўкрак учидаги ёриқлар орқали инфекция тарқалиб, мастит касаллигини келтириб чиқаради. Болани эмизиш вақтида терлаган баданни сочиқ билан пана қилинг. Йўқса, кўкрак усти нерв толаларига шамол тегиб, сут безларида яллиғланиш келиб чиқиши мумкин.
Тўғри ичак
Бачадон қисқараётган пайтда тўғри ичак бўшанган бўлиши лозим. Аммо кўп ҳолларда эмизикли аёллар ич қотишидан шикоят қилишади. Бунга аёл организмидаги прогестерон гормони туғруқдан кейин ҳам 5-6 ойгача таъсирини йўқотмаслиги сабаб. Натижада тўғри ичакда ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Аммо аёлнинг тўғри овқатланиши, кўпроқ суюқ таом ва сабзавотлардан истеъмол қилиши жараённи секин-аста ўз ҳолига қайтаради. Туғруқ вақтида бачадони жароҳатланган аёлларга шифокорлар қаттиқ кучанмаслик учун ич келишини юмшатувчи препаратлар буюришади.
Ҳайз
Ҳар бир аёл организми ўзига хос. Шу сабаб ҳайз циклининг тикланиши ҳар кимда турлича даврга тўғри келади. Кимлардадир чилладан сўнг 1-2 ойда ҳайз цикли тикланса, кимлардадир эмизиш ҳисобига анча вақтгача ҳайз келмаслиги мумкин. Баъзи вақтларда болани эмизишдан чиқаргач, хайз кўриш цикли аста тикланиб боради.
Жинсий ҳаёт
Шифокорлар чилла даврида жинсий яқинликдан тийилишни тайинлашади. Боиси аёл организми ҳали тўлалигича фаолиятини тикламаган, ортиқча зўриқиш учун етарли кучга эга бўлмайди. Бундан ташқари, «эмизикли аёл ҳомиладор бўлмайди» деган ибора ҳар доим ҳам тўғри чиқавермайди.
Ҳомиладорликдан сақланиш
Биринчи туғруқдан сўнг кейингисигача тахминан уч йил ўтиши аёл организми тикланиши учун етарли. Шу боис ҳомиладорликдан сақланиш учун чилла чиққач, яъни 40-куни шифокорга учраб, исталмаган ҳомиладорликдан ҳимояловчи усуллар билан танишинг. Ҳозирда бундай усулларнинг дори препаратлари, инъекция, маҳаллий спираль каби турли кўринишлари мавжуд. Шулардан ўзингизга мосини танлаб, исталмаган ҳомиладорликдан сақланишингиз мумкин.
Чилла даври касалликлари
Бу вақтда умумий шамоллаш ҳолатларидан ташқари, жинсий аъзоларда яллиғланиш жараёнлари юзага келиши мумкин. Бунга асосан туғруқ вақтида йўлдош кўчганидан сўнг бачадон бўйни, қин оралиқнинг шилинган, йиртилган, эзилган жойларидан касаллик қўзғатувчи микроблар ҳамда аёл организмида мавжуд бўлган инфекцияларнинг жароҳатланган бачадон юзасига тушиши сабаб бўлади. Шунингдек, қоғоноқ сувининг эрта кетиши, токсикоз, аёл организмининг заифлашуви ва бошқа касалликлар, ҳомиладорлик даврида гигиена ва овқатланиш режимининг бузилиши ҳам муайян нохушликларга сабаб бўлиши мумкин. Агар умумий ҳолатингизда безовталик сезсангиз ёки жинсий аъзоларда ноодатий ўзгаришлар кузатилса, албатта шифокорга мурожаат этинг.
Чақалоқ парваришида нималарга эътибор қаратиш керак?
Киндик тушиши
Киндик қолдиғи одатда туғруқдан сўнг 4-5 кун ичида тушиб, баъзи вақтларда 8-10 кунларга ҳам чўзилиши мумкин. Агар киндик соҳасида намлик бўлса, 70 фоизли спирт эритмаси томизилиб, стерилланган бинт ёрдамида артилади. Айрим вақтларда чақалоқнинг мунтазам безовта бўлиб, йиғлаши сабабли ҳам киндикда шиш кузатилади. Бордию чақалоқнинг киндиги қолдиғи 15 кун ичида ҳам кўчиб тушмаса ёки соҳа атрофида қизариш, яллиғланишга ўхшаш белгилар кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат этинг.
Лиқилдоқ
Янги туғилган чақалоқнинг бош айланаси меъёрда 34-36 сантиметрни ташкил этиб, ҳаётининг иккинчи ойида 36-37 сантиметратрофида бўлади. Бир ёшга қадар эса бу кўрсаткич 46 сантиметрга етади. Лиқилдоқ чақалоқ бошининг тепа қисмидаги қотмаган соҳа, мия устидаги қалин ҳимоя қавати бўлиб, меъёрий ҳолатда чиллали чақалоқлар учун 26-28 мм, иккинчи ойдан бошлаб 22-25 мматрофида бўлиб, бир ёшгача 8-10 мм.гача кичрайиб боради. Бола бошидаги лиқилдоқ таранглашиб, шишган бўлса ва у безовталанса, бош мия босимининг ошгани тахмин қилинади. Бу ҳолатда албатта шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.
Тана вазнининг ўзгариши
Янги туғилган чақалоқ ҳаётининг биринчи 4 куни давомида 10% (200-300 гр атрофида) вазн йўқотиши нормал ҳолат ҳисобланиб, организмнинг мослашув жараёни ҳисобига амалга ошади. Бола ҳаётининг 6-8-кунларига келиб, тана вазнини аста-секин тиклаб боради.
Эмизиш вақти
Шифокорлар болани ҳар 1-1,5 соат оралиғида эмизишни тавсия этишади. Бу вақт оралиғининг она сути сифатига ҳам таъсири бўлиб, бола учун керакли озуқа тўпланади. Эмизишдан аввал кўкрак сўрғичларини тозалаб, сўнгра бола оғзиға тутқазиш керак. Агар эмизгандан кейин гўдак кўкракни қўйиб юборишни хоҳламаса, тортиб олманг. Бурнини бироз қиссангиз, оғзини очади. Она сути сифатли бўлиши учун аёл таомномасида фойдали витаминларга бой маҳсулотлар бўлиши керак.
Қачон чўмилтирилади?
Чақалоқ киндиги ҳали тушмаган бўлса, чўмилтиришни бироз кейинга қолдириш даркор. Бу ҳолатда чақалоқнинг баданини илиқ сувга шимдирилган нам пахта билан тозалаш кифоя. Киндиги тўлиқ тушгач эса 37-37,5 даражали илиқ сувда чўмилтириш мумкин. Бола терисида турли тошмалар тошишининг олдини олиш учун сувга мойчечак дамламасидан озроқ қўшиш тавсия этилади. Совуқ кунларда чақалоқни 2-3 кунда бир марта 8-10 дақиқа давомида чўмилтирилади. Сувли муолажалардан сўнг терисига турли ёғлар суртманг. Чунки тайёр ёғлар терига турлича таъсир этиши мумкин.
Уйқу вақти
Чиллали чақалоқ бир кунда 4-5 мартагача ухлаши мумкин. Бу уйқу вақтлари аввалига узоқроқ давом этиб, сўнг аста-секин камайиб боради. Боланинг тунги уйқуси осуда ўтиши учун уни кечга яқин чўмилтириш тавсия этилади. Бордию гўдак уйқусида тартибсизлик юзага келса, кун бошидан эмизиш ва ухлатиш тартибини назорат қилинг.
Қайт қилиши нимадан?
Бола эмиб бўлгач, уни чайқатиш, қорни билан ётқизиш мумкин эмас. Тик кўтарган ҳолда бироз ушлаб туринг. Агар эмизишдан сўнг озроқ қайт қилса, бу хавфли эмас. Бола ошқозонига ортиқча бўлганини шу тариқа чиқариб ташлайди. Чақалоқларда ҳазм қилиш фаолияти ҳали яхши ривожланмагани боис эмиб бўлгач, қайт қилиши мумкин. Бироқ тез-тез ва эмизиш вақтидан ташқари ҳам қайт қилса, шифокорга кўрсатинг.
Нега тез-тез аксиради?
Чақалоқлар кунига 3-4 мартагача аксириши мумкин. Бу жараён бола организми учун нормал ҳолат бўлиб, ортиқча ташвишга асос эмас. Аммо аксириш бурундан шилимшиқ суюқлик келиши билан бўлса, шамоллаш тахмин қилиниб, болалар шифокорига кўрсатиш лозим.
Йўргаклаш мумкинми?
Шифокорлари чақалоқни оёқ-қўлларини қаттиқ боғлаб йўргаклашни тавсия этишмайди. Айниқса, уйқуга ётқизишда зичлаб йўргакланган болада қон айланиши бузилиши мумкин. Шу билан бирга, оёқларини зичлаб йўргаклаш тос-сон суяклари ривожига таъсир этади. Бола танасига салбий таъсир этмайдиган, қулай ва кенг бичимли кийимчаларни танласангиз, чақалоқ териси ҳам «нафас» олади, ҳам эркин ҳаракатланиш уч имконияти бўлади.
Чилла даврида чақалоққа қандай касалликлар хавф солиши мумкин?
Ичак муаммолари
Оғиз сути билан озиқланаётган чақалоқларда биринчи уч кун давомида ич келиши суюқроқ бўлиб, ранги тўқ яшил ёки қорамтир бўлади. 4-5-кунларга келиб эса сариқ, бўтқасимон тус олади. Боланинг овқатланган заҳоти ичи кетиши ёки қотишига организмдаги мослашув жараёнларининг белгиси сифатида қаралади. Бироқ кун давомида 6-7 мартагача суюқ ич кетиши ёки бир неча кунлаб қорин бўшанмаслиги шифокорга мурожаат этиш учун етарли асосдир. Шифокорлар болада қорин дамланмаслиги ва ич қотиш каби белгилар бўлмаслиги учун аввало она тўғри овқатланиши лозимлигини таъкидлашади. Бола организми ташқи муҳитга мослашиб олгунига қадар таомномангиздан ич қотирувчи маҳсулотларни олиб турганингиз маъқул.
Тери тошмалари
Биринчи ва иккинчи кунлари чақалоқ териси қизаришии, 3-5-кунга келиб эса тери юзаси кўчиши мумкин. Бу нормал ҳолат. Аммо юз терисида тез-тез такрорланувчи турли характердаги тошмалар она истеъмол қилаётган маҳсулотлар таркиби ёки бола терисининг мослашув ҳолатига боғлиқ. Бола терисида турли тошмалар юзага келишининг олдини олиш учун ҳам эмизикли аёлларга парҳезга риоя қилиш тайинланади.
Бурун битиши
Чақалоқ ҳаётининг илк кунларида ташқи муҳитга эндигина мослашаётгани ҳисобига бурун битиши кузатилиши мумкин. Бундай вақтларда пахтали чўпча ёрдамида бурун тешикларини оҳиста тозаланг. Ҳар бир бурун тешиги учун алоҳида чўпча ишлатиш кераклигини унутманг. Бурун битиши 2-3 кунда ҳам ўтиб кетмаса, болалар шифокори билан маслаҳатлашиб, керакли томчи дорилардан фойдаланишингиз мумкин.
Оғиз оқариши
Ичак билан боғлиқ муаммолари бор гўдакларда кўпинча оғиз оқариши кузатилиб, бу жараён оғиз бўшлиғининг мослашув ҳолати билан изоҳланади. Аммо айрим вақтларда бунга оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватига инфекция тушиши ҳам сабаб бўлади. Чақалоғингизнинг оғзи оқарганини сезсангиз, қайнатиб илитилган сувга стерилланган бинтни намлаб, оғиз бўшлиғини аста артинг. Оқариш тез-тез такрорланиб, болада безовталик, иштаҳа пасайиши билан кечса, албатта шифокорга кўрининг.
Шамоллаб қолса…
Чақалоқларда шамоллаш жараёни ўз-ўзидан юзага келмайди. Одатда онада ёки оила аъзоларининг бирида шамоллаш кузатилса, болага ҳам юқиши мумкин. Агар чақалоқда бурун оқиши, тумов, йўтал бошланса, албатта шифокорга учраб, эҳтиёт чораларини кўринг.
Нилуфар АБДУЛЛАЕВА, акушер-гинеколог.
Феруза ЖАББОРОВА, I тоифали шифокор.
«Даракчи» газетаси.