Болани ёзда кўкракдан ажратиш мумкинми?

Қайноқ ёз тафти баҳор тугамасиданоқ сезилмоқда. Баъзи эмизикли оналар эса фарзандини кўкракдан ажратишга шошилмоқда. Ҳа, айнан шошилмоқда. Чунки улар бу ишни албатта ёзгача амалга ошириш керак, деб ҳисоблашади. Аслида-чи? Умуман, болани кўкракдан ажратишда нималарга аҳамият бериш керак? Саҳифамиз эксперти олий тоифали шифокор-педиатр Муҳаббат НАСИВАЛИЕВА.

болани сутдан ажратиш

Нима учун ёзгача?

Илгари болакайни ёзда кўкракдан ажратиш тавсия этилмасди. Чунки ёз мева-сабзавотларга бой фасл, демак, ичак бузилишлари хавфи ортади. Она сутининг фойдали моддалари эса болакайни касалликлардан ҳимоя қилади, агар бирор хасталик бошланган бўлса ҳам оғир ўтмайди. Эмизикли болалар кўкракдан ажратилганларга нисбатан кам касалликка чалинади, деган ишонч «гўдакни ёзда кўкракдан ажратиш мумкин эмас» деган «таъқиқ»қа сабаб бўлган аслида. Аммо агар бола ярим ёшдан катта бўлса, кўкракдан ажратиш учун йилнинг қайси фасли бўлишининг фарқи йўқ, чунки бола ўз иммунитетига эга бўлиб улгурган.

«Қандай ажратай?»

Агар кичкинтойингиз ҳали фаоллик билан эмаётган бўлса, кўкракдан ажратиш фикрингиздан воз кечиб турганингиз маъқул. Тўғри, шундай вазиятлар ҳам бўладики, бола бир неча кун ичида кўзга кўринарли оқибатларсиз кўкракдан ажралади. Лекин бу суткасига бир-икки марта эмадиган болаларда бўладиган ҳолат. Чунки бунда бола ҳам қийналмайди, онада ҳам тезроқ кўкракдан ажратиш истаги бўлмайди. Қачонки бола эмишга унчалик эҳтиёжи бўлмаса, яъни суткасига бир-икки мартагина эмса, болани кўкракдан ажратиш фикрини маъқуллаш мумкин. Фаоллик билан эмаётган даврда бирдан кўкракдан ажратиб қўйилса, бу бола учун стресс. Чунки у бундай кутилмаган ўзгаришдан кейин нима қилишни, эмиш хуморини қандай босишни билмай қолади. Бола тушунмайди: онаси аввалига эмишини хоҳлаганди, энди эса эммаслигини.

Образли қилиб айтганда, болани кўкракдан ажратиш — бир текисда, узоқ давом этадиган жараён. «Бошқа кучи қолмагани учун» бир-икки кун ичида бу ишни амалга ошириш эса катта тезликда юриб кетаётган поезддан, унинг тўхташини ўтирмасдан, сакраб тушиб қолишдай гап.

Боласининг тез-тез эмаверишидан чарчаб, уни кўкракдан ажратмоқчи бўлган оналар муаммони мурғак гўдакнинг елкасига юклаб қўйишларини ўйлаб кўришлари керак.

Муҳим қоидалар

  1. Кундузги эмизишлар сонини қисқартириш. Бунинг учун болани фаол машғулотларга жалб қилинг. Унинг эмиш борасидаги «имо-ишора»ларини кўрмаганга олиб, эътиборини кўпроқ ўйинлар, севимли озуқаси, сайр қилишга қаратинг. Бола шунда ҳам эмишни талаб қилаверса, у билан «келишиш» мумкин. Масалан, «шуни бажариб бўлайлик, кейин» қабилида. Агар «ҳеч нима қилмай» (бола учун онасининг китоб ўқиб ўтириши, компьютерда ишлаши «ҳеч нима қилмаслик») ўтирган ёки ётган бўлсангиз, бола бундан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилади ва ёнингизга бориб, эмизишингизни талаб қилади. Доимий ҳаракатда бўлсангиз, бир неча ҳафтадан кейин фарзандингиз бунга кўникади ва тез-тез эмизишни талаб қилавермайди.
  2. Болани эмган ҳолда ухлатмаслик. Бунда энг кенг тарқалган усул фойда беради. Яъни кундузи бола ухлаётганида бирор жойга кетинг, боланинг ёнида эса бирор яқин кишингиз қолсин. Муҳими, сизнинг хавотирланавермаслигингиз, бола ёнида қолган инсоннинг ишончи ва меҳрибонлиги. Шунда гўдак эммаган ҳолатда ухлашга тез ўрганади.
  3. Уйдалигингизда болани эммаган ҳолатда ухлатиш. Болани тўшакка ётқизиб, «ҳозир келаман» деб аввалига озгина муддатга, кейин кўпроқ вақтга хонадан чиқиб кетинг. Лекин хонадан чиқаётиб, қаёққа нима учун кетаётганингизни албатта болага тушунтиринг. Акс ҳолда унда ишончсизлик уйғониб, мақсадингизга эришиш қийинлашади. Шундай ҳолатда бола хотиржамлик билан сизни кутадиган бўлади. Қайтиб киргач, аввалига одатдагидек эмизиб ухлатинг. Кейинчалик аста-секин қайтгунингизча ухлаб қоладиган бўлади.
  4. Бола ҳаётида ўзгаришлар, мураккаб вазиятлар (касаллик, кўчиш, боғчага қатнаш, она ишга чиққан давр) пайтида кўкракдан ажратиш жараёнини бошламанг.
  5. Агар бола бирор жисмоний ёки ҳиссий жароҳат олса (йиқилса, қўрқса, узоқ вақт онасини кўрмаган бўлса), эмишига қаршилик кўрсатманг.
  6. Кўкракка бирор аччиқ нарса ёки чўчитувчи қизил ранг суртиб қўйиш каби усулларни қўлламанг. Бола учун кўкрак меҳр, хотиржамлик, ишонч тимсоли ва у билан содир бўлган «мусибат» бола руҳиятига салбий таъсир қилиши мумкин.

Ushbu mavzu yuzasidan savollaringiz bormi? Unda savollaringizni quyida "Fikr bildirish" qismi orqali yozib qoldiring. Dolzarb va muhim savollarga shifokor ekspertlarimiz javob berishadi.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

Related Posts
error: Saytdan ma\'lumot ko\'chirish mumkin emas.