Соғлом оила - соғлом келажак

Болани бепуштлик дардидан асранг

Ўғил болаларнинг жинсий аъзоларидаги баъзи хасталикларни ота-оналар гоҳо сезмаслиги, шифокорга мурожаат этмаслиги мумкин. Аксарият ҳолларда вақт бой берилиб, касаллик ривожланишда давом этади. Оқибати эса маълум: оила қурилгач, бепуштликдан азият чекилади.

Орхит

Масалан, орхитни олайлик. Болаликда орттирилган дардлардан бири бўлиб, у кўпинча, ўғил бола йиқилганида ёки бирор жойга урилиб, жинсий аъзолари лат егач, келиб чиқади. Қаттиқ жароҳатланиш туфайли мояк эзилиши мумкин. Орхит хасталигида моякнинг бир томони қизариб оғрийди, шишади, боланинг тана ҳарорати кўтарилади. Мояк ёрилганида бир томони шишиб, кўкимтир тусга киради, оғриқ тобора зўраяверади.

Орхитнинг инфекцион тури, кўпинча, тепкидан сўнг пайдо бўлади. Мояк катталашади, тери остига сув йиғилиб, қичишади. Баъзан сув йиғилган пуфаклар ёрилади, лекин моякни босиб кўтарганда оғримайди. Бу вақтда беморга дори-дармон берилса, у соғайиб кетади.

Моякнинг ўз илдизига ўралиб қолиши

Моякнинг ўз илдизига ўралиб қолиши ҳам болаларда кўп кузатилади. Баъзан қаттиқ сакраш ёки қалтис ҳаракат оқибатида мояк ўз илдизи атрофида ўралиб, катталашади, чов соҳаси қаттиқ оғрийди. Вена томирларининг сиқилиши туфайли бу жойда модда алмашинуви бузилади.

Эктопия

Эктопия моякларнинг жойига тушмай, бошқа аъзоларга ўтиб кетишидир. Бунда мояк, кўпинча, қовуқ, бел ёки чов соҳасига, айрим вақтларда олат тагига тушиб қолади. Бола дарҳол шифокорга олиб борилса, у гўдакка озор бермай туриб, моякни ўз жойига – ёрғоққа тушириб қўяди. Борди-ю, ота-она бу ҳолга бепарво бўлса, “адашиб” қолган мояк ривожланмай, аста-секин ўсмага айланиб кетади.

Аъзонинг чала ўсиши

Аъзонинг чала ўсиши гормонларга боғлиқ ҳолда кечиб, бунда боланинг ташқи жинсий аъзолари ривожланишдан тўхтайди ва ўсмай қолади. Беморнинг қорни ва бел соҳасига ёғ тўпланади, кўкрак безлари ўсиб, овози нозиклашади, қилиқлари қизларникига ўхшаб бораверади. Бундай пайтда бемор бола шифокорлар назоратида бўлса, тегишли муолажалардан кейин нуқсонлар йўқолади.

Варикоцеле

Варикоцеле (уруғ тизимчаси венасининг кенгайиши ва узайиши) ўсмирларда учраб, қалтис ҳаракат ёки мунтазам жисмоний зўриқиш ҳам бу касалликка туртки бўлиши мумкин.

Крипторхизм

Крипторхизм (моякларнинг ўз ўрнида бўлмаслиги билан кечадиган туғма хасталик) бола она қорнида эканидаёқ кузатилади.

Азиз ота-оналар, шу сингари дардлар пайдо бўлганини сезишингиз биланоқ, болани уролог-андролог шифокорга кўрсатинг ва ўғлингиз хасталик ривожланмасидан бурун муолажаларни олсин. Акс ҳолда юқорида таъкидланганларнинг ҳар бири жиддий ҳолат ҳисобланиб, ўз вақтида бартараф этилмаса, бора-бора бепуштликни келтириб чиқаради. Зеро, болани кичиклигиданоқ асраб авайлаш лозим. Уни йиқилиш, лат ейиш ҳамда турли юқумли хасталиклардан эҳтиётланг. Шунда соғ-омон ва дуркун бўлиб улғаяди.

Шавкат Усмонов.
Уролог-андролог.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.