Соғлом оила - соғлом келажак

Сиз биологик мос жуфтликмисиз?

Бепуштлик сабабларини аниқлашда энг дастлабки, боз устига, қилиниши шарт бўлган қадамлардан бири — эр-хотиннинг биологик мос ёки мосмаслигини текширувчи тестлар, афсуски, амалиётда кам қўлланилади. Ваҳоланки, ўтказилиши ҳам осон, баҳоси ҳам қиммат бўлмаган ушбу текширув бепуштлик дея номланган «душман қалъа»сини ишғол этиб, сизнинг ҳам хонадонингизга, турмушингизга фарзанддек ёруғлик бахш этувчи «очувчи калит» бўлиши мумкин.

бепуштлик аломатлари, бепуштлик давоси

Бу текширув нима учун керак?

Нормал ҳолатда аёлларнинг бачадон бўйнида шиллиқ бўлиб, тиббиётда уни цервикал шиллиқ дея номлашади. У жинсий яқинликдан сўнг аёл қинига тушган сперматозоидларни тозалаб, саралаб, энг соғлом, уруғлантиришга қобилларини бачадонга ўтказишга хизмат қилади. Айрим аёлларда ана шу шиллиқнинг биологик табиати ўз жуфтининг сперматозоидларига мос келмагани туфайли бачадон бўйнига келган уруғларни «ўлдиради». Уруғлантирувчи сперматозоид бачадонга ўта олмагач, ўз-ўзидан ҳомиладорлик ҳам юзага келмайди.

Мос келмаслик касалликми?

Аёллардаги ушбу ҳолат касаллик эмас ва мабодо жуфтлик бир-бирига биологик мос эмаслиги аниқланса ҳам, уларда ҳомиладорлик юзага келишини таъминлайдиган замонавий репродуктив усуллар бор. Шунинг учун бир йил давомида контрацептив воситаларни қўлламаган ҳолда узлуксиз равишда бирга яшаётган жуфтликлар фарзандли бўла олмаётган бўлса, бошқа таҳлил ва тадқиқотлар қаторида биологик мосликларини текширувчи тест ҳам топширишлари шарт.

Тайёргарлик жараёни

Аёл ва эркак Шуварский ва Курцрок-Миллер пробалари олиш учун қуйидагича тайёргарликдан ўтади:

  • Аёл ва эркакнинг бепуштликни келтириб чиқарувчи бир қатор омиллари ўрганилади, иложи борича бартараф этилади.
  • Энг камида 2 кун жинсий яқинликда бўлмайди.
  • Агар таҳлил коитусдан кейин олинадиган бўлса, аёлга гигиеник ювиниш, ванна қабул қилиш таъқиқланади.

Овуляция кунини аниқлаштириш талаб этилади. Чунки уруғланиш учун энг мақбул кунда бачадон бўйни шиллиғи ўз хусусиятини ўзгартиради.

Таҳлил қандай ўтказилади?

Бундай текширув посткоитал тестлар деб юритилиб, мамлакатимизда Шуварский ва Курцрок-Миллер пробалари ўтказилади. Шуварский пробаси аёлда овуляция юз бериш эҳтимоли бўлган кунларда, иложи борича турли усуллар билан овуляция кунини аниқлаб ўтказилади. Бунинг учун жуфтлик 3-4 кун жинсий яқинликдан сақланиши керак. Проба учун бачадон бўйни каналидан ингичка шприц ёрдамида таҳлил олинади. Таҳлил топширилаётган вақтдан 2 соат олдин коитус (жинсий алоқа) амалга оширилганидан кейин пайдо бўлади. Бу усул in vivo, яъни «бачадон ичида» деган маънони англатади.

Шунингдек, in vitro («бачадондан ташқари») деган усул ҳам бўлиб, юқоридагидан биргина фарқли жиҳати — ингичка шприц билан бачадон бўйнидан шиллиқнинг ўзи ва эркак топширган шаҳват намунаси ойнача устида қўшилиб, 2 соат давомида (шаҳват қинда 2 соат ичида нобуд бўлади)микроскоп остида кузатилади.

Натижалар

Ҳар иккала усулда ҳам уч хил натижа кўрсатилади. Булар:

  • Ижобий. Бунда сперматозоидлар бачадон бўйни шиллиғидан ўтади ва уруғлантиришга қобиллари «тирик» сақланади, ҳаракатчан бўлади.
  • Ижобий, аммо суст. Бунда шиллиқдан ўтган сперматозоидлар «тирик», аммо ҳаракатсиз бўлади.
  • Салбий. Бунда бачадон бўйни ва сперматозоидлар оралиғида бузиб бўлмас «девор» кўринади. Сперматозоидларнинг бирортаси ҳам бачадонга ўта олмай, нобуд бўлади.

Ана шу учинчи ҳолат жуфтликнинг бир-бирига биологик мос келмаслигини билдиради.

Унда нима қиламиз?

Агар анчадан буён бепуштликдан азият чекаётган аммо биологик мосликка ўтказиладиган пробалар салбий натижа беришидан қўрқаётган бўлсангиз, фобиянгиз ўринсиз. Демоқчимизки, бу ҳеч қандай касаллик ёки патология эмас, шунчаки ўз номи билан мос келмасликдир. Аммо тушкунликка ўрин йўқ. Сабаби биологик номутаносиблик аниқланган тақдирда ҳам инсеминация деб номланган қўшимча сунъий уруғлантириш усуллари борки, унинг ёрдамида сиз билан «мос бўлмаган» жуфтингиздан фарзанд кўриш имкони бор. Мазкур усул бачадон шиллиғини четлаб ўтган ҳолда лаборатория шароитида бачадон ичига шаҳват қуйишни англатади.

Ушбу мақолани ҳам ўқинг: Жинсий алоқадан сўнг дарров ухлаб қоламан. Бу касаллик эмасми?

Эксперт: Ирода МАҲМУДОВА, гинеколог-репродуктолог.
Журналист: ДИЛАФРЎЗ
Манба: Darakchi.uz