Соғлом оила - соғлом келажак

Бепуштлик ташхиси қачон қўйилади?

​Бир йил давомида эр-хотиннинг ҳеч қандай контрацептив воситаларсиз мунтазам жинсий ҳаёт олиб боришидан фарзанд туғилмаса, “бепуштлик” ташхиси қўйилади. Аёл оилавий турмуши давомида умуман ҳомиладорликка эришмаган бўлса, унга бирламчи, агар ҳомиладорлик туғруқ, аборт, бола тушиши, бачадондан ташқари ҳомиладорликдан кейин юзага келган бўлса, иккиламчи бепуштлик дейилади. Бирламчи ва иккиламчи бепуштлик эркакларга ҳам тегишлидир. Бундан ташқари, бепуштлик жуфтликнинг ўзаро мос эмаслигига шартланган комбинациялашган, эндометриоз ҳамда ноаниқ (тушунарсиз) ёки идиопатик турларга бўлинади. Аммо мутлақ бепуштлик табиатда ниҳоятда кам учрайди.

Ёш оилаларда бепуштлик кўп кузатилишининг турмуш тарзига оид, психологик, эстетик омиллари мавжуд. Ҳозирги пайтда хорижга чиқиш-келиш осонлашгани, илгари ёпиқ бўлган баъзи мавзуларнинг очиқчасига беҳаё талқин қилиниши, турли фильмлар, асарлар таъсирида ёшларнинг никоҳгача жинсий ҳаёт билан яшашлари бепуштлик даражаси ортишига олиб келаяпти.

Аёлларда…

Аёлларда, ўз навбатида, келиб чиқиш сабабларига кўра най, най-перитонеал, эндокрин ва эндометриоз билан боғлиқ бепуштликлар ажратилади.

Даврий гормонал ўзгаришлар натижасида тухумдонларда 1 дона (жуда кам ҳолларда икки ёки уч-тўртта) фолликула етилади. Тахминан циклнинг ўртасида, яъни ўн тўртинчи куни фолликула ёрилиб, суюқлик билан тухум ҳужайра ажралади. Фолликула меъёрда 21-23 ммбўлганда ёрилади. У бачадон найига тушгач, сперматозоид билан учрашиб, уруғланади (зигота ҳосил бўлади).

Уруғланган тухум ҳужайра бачадон найи орқали бачадонга келади ва у ерда ривожланиши учун қулай шароит бўлса, бачадон деворига ўрнашиб, ҳомила сифатида ривожланишни бошлайди. Демак, ҳомила пайдо бўлиши учун аёл организмидаги қуйидаги жараёнлар нормал кечиши керак:

  • Тухумдон фолликуласининг етилиши ва ёрилиши (овуляция);
  • Тухум ҳужайранинг бачадон найи бўйлаб бачадонга тушиши ва тўсиқларсиз ўтиши;
  • Бачадоннинг уруғлантирилган тухум ҳужайрани қабул қилишга тайёрлиги ва унинг ривожланишини таъминлаши.

Организмнинг гормонал механизми нормал кечмас экан, фолликула ўз вақтида етилмайди, ёрилмайди, бачадон йўли, бачадонга тушмайди, ўз-ўзидан ҳомиладорлик юзага келмайди. Бу аёлда “бепуштликнинг эндокрин тури” ташхисини қўйиш учун асос бўлади.

Бачадон найининг беркилиши ёки умуман бўлмаслиги “бепуштликнинг най шакли” дейилади. Агар бачадон найининг ўзи ўтказувчан бўлиб, тухумдон ва най ўртасида битишув бўлса, бу бепуштликнинг перитонеал туридан дарак беради. Одатда битишувли жараён бачадон найини ҳам қамраб олгани учун най ва тухумдон фаолияти бузилган аёлга “бепуштликнинг най-перитонеал тури” ташхиси қўйилади.

Бачадон найи ичини қоплаган киприкчалар тухум ҳужайранинг най бўйлаб ҳаракатланишини таъминлайди. Агар шу киприкчалар қуриб қолса ҳам анатомик ўтказувчан най фаолияти тўлиқ бўлмай, бу ҳам бепуштликни келтириб чиқариши мумкин.

Бачадоннинг туғма ёки орттирилган нуқсонлари натижасида “бепуштликнинг бачадон шакли” юзага келади. Бачадоннинг туғма нуқсонларига бачадон йўқлиги ёки яхши ривожланмагани, 2 марта катталашиши, эгарсимон бачадон, бачадон бўшлиғида турли тўсиқлар бўлиши ва бошқалар киради. Орттирилган нуқсонлар эса кўп ҳолларда бачадон ичи аралашувлари натижасида келиб чиқади.

Ушбу мақолани ҳам ўқинг: Аёлларда бепуштлик: сабаб ва ечимлар

Эркакларда…

Оиланинг бефарзандлигида “эркак омили” аёлнинг ҳомила кўтариш бўйича барча кўрсаткичлари ижобий бўлиб, эркак шаҳватининг уруғлантирувчи хусусияти кескин пасайишини назарда тутади. Бунда шаҳватнинг турли патологиялари, жумладан, анэякуляция (шаҳват йўқлиги), олигозооспермия (шаҳват миқдори озлиги), азооспермия (эякулятда сперматозоидлар бўлмаслиги), гормонал бузилишлар, уруғ чиқарувчи йўллардан сперматозоид ўтиши қийинлашуви билан боғлиқ турли ўзгаришлар, таносил аъзоларининг сурункали шамоллаши, эркаклар репродуктив тизимининг ностандарт қурилиши сабаб бўлиши мумкин.

Ушбу мақолани ҳам ўқинг: Бепуштлик. Айб фақат аёлда эмас!

Бепуштлик ташҳисини қўйишда қандай текширувлар ўтказилади?

Бепуштлик ташхиси қўйилган ҳолатда, оилани тўлиқ ўргангандан кейингина унинг сабабини аниқлаш мумкин. Ташхис қанчалик тўғри қўйилса, бепуштлик шунча тез ва самарали даволанади. Авваламбор эр-хотинда инфекция мавжудлиги (TORCH ва бошқалар), гормонал бузилишлар, антибиотикларга сезувчанлигини текшириш учун махсус таҳлиллар олинади. Агар гормонал бузилиш ҳолати маълум бўлса, юқорида айтилган мия фаолияти билан боғлиқ марказларни текшириш учун бошни МРТ, компьютер томографияси, рентгендан ҳам ўтказиш мумкин.

Кичик тос аъзоларининг ультратовуш текшируви (УТТ) аппарати орқали бачадон, бачадон найлари, тухумдоннинг структураси ва функциялари, уларнинг қай даражада ривожлангани, миома, киста бор-йўқлиги, бачадон бўйнининг ўлчами, эндометриозни кўриш мумкин. Ҳозир гинекологияда 2 хил УТТ текшируви олиб борилаяпти: бири олд қорин девори орқали бўлса, иккинчиси тўғридан-тўғри қин орқали текширилади. Ҳеч қандай касаллик чиқмаган бўлса ҳам, УТТ натижаларини йўқотмаслик керак.

Гистеросальпингография бачадон ва бачадон найларининг ҳолатини рентген қилишдир. Рентген қилишдан аввал жинсий йўлларда яллиғланиш жараёнлари бор-йўқлигини текшириш керак, йўқса, бачадон найларининг ҳолати ёмонлашиши мумкин. Рентген қилинганда, бачадон бўйнидан махсус суюқлик юбориб, улар рентген аппарати орқали бачадон найлари орқали ўтаётган ёки йўқлиги кузатилади.

Агар ушбу текширувни врач циклнинг иккинчи ярмида ўтказишни буюрса, унгача ҳомиладорликдан ҳимояланиб турган маъқул. Чунки рентген қилинган пайтда ҳомила пайдо бўлган бўлса (ҳатто кўп йиллик бепуштликдан кейин), рентгендан сўнг ҳомиладорлик тўхташи ёки врач тавсияси билан тўхтатилиши мумкин.

Лапароскопия текшируви орқали аёлнинг ички жинсий аъзоларини кўз билан кўриш ва уларнинг аҳволи ҳақида аниқ хулосага келиш мумкин.

Лапароскопия қилганда беморнинг қорин бўшлиғига оптикавий махсус тиббий ускуна киритилади. Ташҳисловчи лапароскопия қилинганда эса бирдан-бир мақсад бепуштликнинг сабабини аниқлаш бўлгани учун киндик соҳаси ёки ундан сал пастроқда кичкинагина кесик қилинади. Агар лапароскопиядан муддао хирургик аралашув (най ва тухумдонларда)дан ҳам иборат бўлса, қориндан пастда яна иккита қўшимча кесик амалга оширилади.

Кольпоскопия бачадон бўйнини микроскоп орқали кўриш усули. Бунда бўйиннинг томирлари, уларнинг ҳолати, одам папиллома вируслари, бачадон бўйни саратони хавфи ҳақида маълумот олиш мумкин.

Бепуштликни даволаш усуллари

Бепуштлик юқорида айтиб ўтилган келиб чиқиш омилларига кўра медикаментоз (дори-дармонли) ва хирургик йўл билан даволанади.

Шамоллаш ёки яллиғланиш жараёнлари антибиотиклар, физиотерапия, ультратовуш, магнит терапияси орқали даволанади. Инфекциялар ва гормонал ўзгаришлар ҳам дори-дармонлар билан даволанади.

Бепуштликдан шифо топишнинг хирургик усулига лапароскопия киради. Оператив лапароскопия қилинганда, бачадон найларидаги битишган жойлари кесилиб, уларнинг ўтказувчанлиги тикланади. Бачадон ва найлар доимий равишда қисқариб туриши керак. Агар унда юқоридаги айтиб ўтилган битишган жойлар (спайка) бўладиган бўлса, у бачадон найларини ҳаракатланишга қўймайди. Натижада найлар қийшайиши, ҳолатини ўзгартириши, най оғзи эса ҳатто тепага қараб қолиши мумкин. Шунингдек лапароскопия орқали тухумдон поликистози (тухумдон қобиғининг қаттиқ бўлиши) аниқланиб, тухумдон фаолиятини эркинлаштириш учун уни резекция қилиш, яъни бир қисмини кесиб ташлаш ҳам мумкин.

Фарзанд кўришни табиий амалга оширишни таъминлайдиган бу икки усул ҳам ёрдам бермаса, сунъий уруғлантириш усулига мурожаат қилиш мумкин.

 

Эксперт:  Динара Азизова, Республика ихтисослашган акушерлик ва гинекология тиббиёт маркази катта илмий ходими.
Манба: «Суғдиёна» газетаси.