Sog'lom oila - sog'lom kelajak

Бепуштлик давосиз дард эмас!

Бепуштлик – бугун баъзи оилаларнинг бузилиб кетишига сабабчи бўлаётган долзарб муаммолардан бири. Фарзандни буюк неъмат деб биладиган ўзбек оилалари учун бу фожиа. Аслида ҳар бир инсон фарзанд кўришга ҳақли. Жажжи фарзандининг ширин қилиқларидан завқланиб ҳузурланишни, балоғатга етганда бўйи-бўйи билан тенглашган жигарбандининг нурли келажаги ҳақида орзу қилишни ким ҳам истамайди дейсиз. Ҳа, фарзандли бўлиш – бахт. Ачинарлиси, баъзи эркак ва аёлларнинг соғлиғига бўлган озгина эътиборсизлиги уларни мана шундай улуғ бахтдан мосуво қиляпти. Фарзандлари болали бўлолмаётган ота-оналарнинг «Фарзандим соғлом у шу вақтгача бирор бир жиддий касаллик билан касалланмаган айб келинда ёки куёвда» деган гапларини кўп эшитамиз. Ўзбек оилаларида бундай вазиятда айбни кўпроқ келиннинг зиммасига юклашади. Хўш, аслида ҳам шундайми? Ваҳоланки, шифокорларнинг таҳлилларига кўра, қирқ фоиз ҳолларда фарзандсизликка эркаклар ҳам сабабчи бўлар экан. Шу ўринда Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитальи гинекологи тиббий хизмат маёри Марат Жуманиязовнинг фикрларига қулоқ тутсак.

бепуштлик

Бепуштлик бу ҳукм эмас!

– Бепуштлик ҳолатининг қирқ фоизи асосан эркакларда учрайди (импотенция), қолган 60 фоизини аёллар бепуштлиги ташкил қилади. Шунинг учун тиббиётда аёллар бепуштлиги, эркаклар бепуштлиги турлари фарқланади, – дейди суҳбатдошимиз. – Аёллар бепуштлиги ҳам бирламчи ва иккиламчи бепуштликка бўлинади. Фаол жинсий ҳаётда яшаётган аёл умуман ҳомиладор бўлмаган бўлса, бу бирламчи бепуштлик дейилади. Агар аёл олдин ҳомиладор бўлиб, кейинчалик такрор ҳомиладор бўлмаса бу иккиламчи бепуштлик дейилади. Шифокорлар орасида касалликни даволашдан олдин унинг сабаби билан курашиш керак, деган ибора юради. Бу иборани келтираётганимнинг сабаби тиббиёт фани назарияси ва амалиётига маълум бўлган жуда кўп касалликлар у ёки бу жиҳатдан бепуштликка олиб келиши мумкин. Улар ҳақида қуйида маълумот бериб ўтмоқчиман.

Аёллар бепуштлигига кўп ҳолларда ҳайз циклининг бузилиши, жинсий аъзоларнинг яллиғланиш касалликлари, ички секреция безлари(тухумдон, қалқонсимон без, буйрак усти бези) фаолиятининг бузилиши, балоғатга етиш даврида инфекцион касалликлар билан оғриши сабаб бўлиши мумкин. Масалан, қиз бола балоғат ёшида сил (туберкулёз) билан оғриган бўлса, кўп ҳолларда у силга қарши даволанган бўлсада, аммо турмушга чиққанда тухумдон найлари бекилиб қолганлиги натижасида фарзанд кўрольмаслиги мумкин. Шунингдек, қалқонсимон без касаллиги ҳам бепуштликка сабаб бўлиши мумкин. Чунки организмимизда қалқонсимон без жуда катта вазифани бажаради. У танамиздаги барча безлар фаолиятини назорат қилади. Агар у издан чиқса, безлар фаолияти, ҳатто, тухумдонлар фаолияти ҳам бузилади. Афсуски, бугун ўсмир ёшидаги қизларда, йигитларда қалқонсимон без касаллиги кўп учраяпти. Улар турмуш қурганда эса бепуштлик муаммосига рўбарў бўлиш­япти.

O‘QING:  Салпингоофорит қандай касаллик?

Шунингдек, тухум ҳужайра ривожланиши ва унинг тухумдондан ажралиш жараёни бузилиши ҳам аёллар бепуштлигининг энг кўп учрайдиган сабабларидан ҳисобланади.Тухумдоннинг соғлом бўлиб, меъёрий фаолият кўрсатиши ўта муҳим. Унинг тўла ишламаслиги туғма ёки умр давомида орттирилган бўлади. Умуман, бепуштликка қу­йидагилар сабаб бўлиши мумкин:

1. Озиқ-овқатлар таркибида дармондорилар, минерал ва микроэлементларнинг танқис бўлиши нафақат жисмоний такомил ортда қолишига яъни инфантилизмга ҳам сабаб бўла ди.

2. Балоғат ёши бўсағасидаги қизларнинг асаб-руҳий зўриқиши ёхуд ҳаддан зиёд оғир жисмоний меҳнат қилишлари уларнинг саломатлигига салбий таъсир этади ва гоҳо бепуштликка олиб келади.

3. Бачадоннинг олдинга ёки орқага букилиб қолиши, унинг нотўғри жойлашиши ҳам такомилнинг меъёрий эмаслигидан далолатдир.

4. Юқорида айтиб ўтганимиздек, қалқонсимон безнинг етарли ишламаслиги ёхуд ҳаддан зиёд ишлаши ҳам тухумдон тўқималарининг атрофияга учраб, бепуштлик рўй беришига сабаб бўлади.

5.Тухумдоннинг яллиғланиши, тўқималарнинг ўрин алмашиши, унинг битишмалар қуршовида қолиши ёхуд йирингли яра бўлиши ҳам меъёрий фаолиятни издан чиқариб, бепуштликка олиб келиши мумкин.

6. Жинсий ноетуклик, яъни инфантилизм қиннинг ўта калта ва торлиги,бачадон кичиклиги, қов супачаси туклари яккам-дуккамлиги каби аломатларда ўз ифодасини топади. Ҳайзнинг кечикиши (18 ёшдан кейин), узоқ вақт мобайнида бир маромга тушмаслиги, қисқа муддат бўлиши кабилар ҳам инфантилизм белгиларидандир.

Эркаклар бепуштлиги: муаммонинг ечими қаерда?

– Ўғил болаларни ҳам ўсмирлик давридан катта ҳаётга тайёрлаб бориш керак. Бунинг учун уларнинг тўғри овқатланишига, тўғри кийиниши, яъни ноқулай ва тор кийимларни киймасликларига ва ҳаддан ташқари жисмоний зўриқмасликларига катта эътибор бериш лозим. Ўғил болаларни ҳам болалигидан уролог-шифокор кўригидан ўтказиб туриш шарт. Чунки айнан ёш болаларда моякнинг пастга тушмаслиги яъни крипторхизм касаллиги кўп учрайди. Ота-оналарнинг фарзандлари соғлиғига эътиборсизлиги туфайли бу касаллик вақт ўтиб тухумнинг ривожланишдан ортда қолишига ва кейинчалик бепуштликка олиб келади. Шунинг учун ҳам биз шифокорлар ота-оналарга ўғил фарзандларининг соғлиғини ҳар доим назорат қилиб туришларини маслаҳат берамиз, – дейди Марказий ҳарбий клиник госпитальи урологи тиббий хизмат подполковниги Абдураззоқ Расулов. – Шу ўринда эркаклар бепуштлигига сабаб бўлувчи яна бошқа омилларни санаб ўтмоқчиман. Улар:

O‘QING:  Эркаклар учун зарур бўлган уч текширув усули

– жинсий аъзоларда яллиғланиш касаллиги билан боғлиқ касалликлар (уретрит, простатит, орхоэпидидимит);

– ичкиликбозлик, аноболитик стероидлар (куч-қувват бағишловчи гармонлар) қабул қилиш;

– спортнинг оғир турлари билан, масалан, марафон, оғир атлетика билан шуғулланиш;

– мояк ички ҳароратининг кўтарилиши (ҳаддан ташқари иссиқ кийим, сауна ёки юқори ҳароратли иш шароити);

– турли туғма касалликлар;

– уруғ ўтказиш каналининг берклиги (жинсий йўл орқали ўтувчи инфекциялар, жарроҳлик амалиётидан кейинги чандиқли ўзгаришлар, жинсий аъзоларнинг ривожланишидаги нуқсонлар. Буларни фақат махсус лобаратор текшируви жараёнидагина аниқлаш мумкин);

– варикотселе – мояк халтасидаги қон томирларининг варикоз кенгайиши (бунда варикоз томирларининг кенга­йиши ва узайиши ёрғоқларда ҳарорат кўтарилишига олиб келиб, сперматазоидларнинг сифатига ўз таъсирини ўтказади);

– организмдаги гормонал ҳолатнинг ўзгариши;

– мояк ва уруғ йўлларининг шикастланиши;

– иммунологик бепуштлик (бунда худди эркак иммун тизими организмга кирган ёт моддаларга нисбатан қарши ҳужум қилгандек таъсир этиб сперматозоидларни нобуд қилади ва натижада уруғланиш юз бермайди);

– асперматизм – олат таранглашсада шаҳватнинг умуман чиқмаслик ҳолати.

Шунингдек, руҳий ҳолатнинг меъёрда бўлмаслиги, кўп асабийлашиш, экологик бузилишлар, кимёвий таъсирлар, радиациялар ҳам эркакларда бепуштликка сабаб бўлиши мумкин.

Бепуштликни аниқлаш учун энг аввало эркаклар спермаграмма қилинади. Текширув давомида сперма таркибидаги сперматазоидлар сони, фаоллик даражаси, камлиги ёки шаклининг ўзгариши аниқланса, қайта текширув тайинланади. Бу бирламчи текширув дейилади. Иккиламчи текширувда қон таркибидаги гармонлар миқдори, сперматозоидларнинг ҳаракатчанлиги, иммунологик текширув, уруғ ўтказиш йўлининг очиқлиги ва УТТ амалга оширилади.

Текширувлар давомида эркакда бепуштлик сабаблари аниқланмаса, унда унинг жуфти чуқурлаштирилган текширувдан ўтказилади ва агар аёлда бепуштлик аниқланса, унга даво чоралари қўлланилади.

Инсонлар онгига «бепуштликнинг давоси йўқ», деган тушунча сингиб қолган. Йўқ, бу нотўғри тушунча. Аслида давосиз дарднинг ўзи йўқ. Фақат, касаллик сабабини тўғри аниқлаш ва унга тўғри даво чораларини қўллаш кифоя. Шунга кўра, бепуштлик ҳам давосиз дард эмас. Шунинг учун, бепуштлик ташхиси қўйилган эркакларга маслаҳатимиз ҳеч қачон тушкунликка тушманг ва яна энг асосийси, қайси шифокорга мурожаат этишни билинг.

Эксперт: Марат Жуманиязов, тиббий хизмат маёри.
Журналист: Гулнора Ҳожимуродова
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ахборот органи
Сайт: Dnk.uz

Репродуктология » Бепуштлик давосиз дард эмас!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.