Биринчи фарзандимни дунёга келтириш арафасидаман. Ҳозир ҳомиладорлигимнинг охирги ойи. Қувончимнинг чеки йўқ. Бироқ мени бавосил касаллиги жуда қийнамоқда. Ҳожатга чиқсам, бавосил тугунлари ташқарига чиқиб қолади ва қонайди. Менга маслаҳат беринг.
Ҳомиладорлик даврида ҳам бавосил касаллигига шифо топса бўлади. Бавосил касаллигини даволашда эътиборни бу касалликнинг асоратлари – бавосил тугунлари тромбози, бавосил тугунлари яллиғланишининг олдини олишга қаратиш лозим. Касалликни даволашда гигиена қоидаларига эътибор бериш керак. Бавосил тугунларини жароҳатлаб қўймаслик учун қаттиқ, сифатсиз ҳожатхона қоғозидан фойдаланманг. Ҳар сафар ҳожатга чиққандан сўнг орқа аъзони совуқ сувда ювинг (Жуда совуқ бўлмасин!). Шунингдек, бавосил тугунларининг сўрилишига ёрдам берувчи турли шамчалардан фойдалансангиз ҳам бўлади. Ванналар ҳам бавосил касаллигида яхши ёрдам беради. Туғруқдан сўнг шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда даволанишга жиддий киришинг.
Эксперт: Шахло Рустамова, шифокор.
Манба: «Даракчи» газетаси.