Соғлом оила - соғлом келажак

Бачадондан ташқари ҳомиладорлик

Бачадон бўшлиғи учбурчак шаклда бўлиб, юқоридаги икки бурчагида бачадон найлари (узунлиги 10 12 см) жойлашган. Сперматозоидлар жинсий аъзо орқали бачадон бўшлиғига тушади, сўнг бачадон найига ўтиб тухум ҳужайра билан тўқнашади.

Уруғланиш бачадон найида рўй беради. Яъни, уруғланган тухум ҳужайра бачадон найининг қисқаришлари туфайли бачадон бўшлиғи томон сурилиб боради ва майин тукчалар билан қопланиб, кўп хужайрали эмбрионга айланади. Сўнгра тукчалари ёрдамида бачадон шиллиқ пардасига пайвандланиб олади. Худди шу вақтдан ҳомила шакллана бошлайди.

Бачадондан ташқари ҳомиладорликсабаблари

Кўпинча тухум ҳужайранинг бачадонга қараб сурилиб келишига тўсқинлик қиладиган ўзгаришлар рўй беради, яъни салпингит юзага келади.

Салпингит бачадон (фаллопий) найига турли микроб (сўзак, захм, сил инфекциялари ва бошқа)лар тушиши натижасида юзага келадиган яллиғланишдир. Инфекция кўпинча бачадондан ёки қон ва лимфа орқали найларга ўтади. Дастлаб бачадон найининг шиллиқ қаватлари, кейинчалик бошқа қаватлари ҳам зарарланади. Шу туфайли бачадон найи бекилиб қолиши ёки чандиқланиши мумкин.

Салпингит аксарият ҳолларда бачадондан ташқари ҳомиладорликка сабаб бўлади. Бунда бачадон найи ёпиқлиги учун тухум ҳужайралар олдинга сурилмай, йўлини йўқотади, оқибатда бачадон найига пайвандланади.
Касаллик ўткир кечиб, даволанмаса, сурункали тусга ўтади. Бемор аёл шифохонага ётиши, шахсий гигена қоидаларига амал қилиши, қаттиқ совқотишдан сақланиши ва даволаниш жараёнида инфекциялар ўчоғини йўқотадиган муолажалар олиши зарур.

Даволаниш кечиктирилса…

Даволаниш кечиктирилса, яллиғланиш кучайиб, тухумдон ва бачадон ортиқларига ҳам ўтади. Айрим ҳолларда бачадондан ташқари ҳомиладорлик салпингитдан бошқа сабабларга кўра ҳам рўй беради. Масалан, бачадон ичи ва атрофидаги ўткир яллиғланишлар туфайли бачадон найлари уруғланган тухум ҳужайрани бачадон бўшлиғига ўтказолмайди. Бунинг натижасида тухум ҳужайра бачадон найининг ўзида, баъзида эса тухумдон ёки қорин бўшлиғида ривожланади.

Бачадондан ташқари ҳомиладорликка жинсий аъзонинг қуйидаги касалликлари сабаб бўлиши мумкин.

  1. Эндометрит (бачадон ички шиллиқ қавати яллиғланиши);
  2. Бачадон фибромиомаси;
  3. Аднексит (тухумдон ва бачадон найлари яллиғланиши);
  4. Инфантилизм (жинсий аъзонинг етилмай қолиши);
  5. Пелвиоперитонит (кичик чаноқ қорин пардаси яллиғланиши).

Бачадондан ташқари ҳомиладорлик белгилари

Бачадондан ташқари ҳомиладорликнинг энг биринчи аломати жинсий аъзодан қонли ажралма келишидир. Қорин пастида симилловчи оғриқ туради. Беморда бўшашиш ва баданни муздай тер қоплаши кузатилади.
Касаллик белгиларига ўз вақтида аҳамият берилмаса, бош айланиши ва ҳушдан кетиш ҳоллари рўй беради.

Аёл ўз-ўзича даволанмаслиги, қон тўхтатувчи дорилар ичмаслиги ва қорин соҳасига грелка ёки музли халталар қўймаслиги керак.

Беморлар аҳволини фақат операция йўли билан енгиллатиш мумкин. Жарроҳликдан сўнг бачадондан ташқари ҳомиладорликка сабаб бўлган касалликларни бартараф этиш ва даволаш тавсия этилади.

Диққат! Операция қилинган аёл бир йилгача ҳомиладорликдан сақланиши, шахсий гигиена қоидаларига риоя этиши ва турли яллиғланиш касалликларини ўз вақтида даволаб, тузатиши зарур.

Маслаҳат шуки, тўғри ва сифатли овқатланинг. Шифокор тавсиясига кўра E, А, B гуруҳи витаминларини қабул қилиб туринг.
Сельдерей, гулкарам, анор, балиқ, сабзавот-мевалар, сут-қатиқ маҳсулотлари, творог истеъмол қилиб туринг. Организм иммун тизими ишини мустаҳкамланг. Ҳар куни турли машқлар бажаринг, тоза ҳавода кўпроқ сайр қилинг. Ҳар уч ойда гинеколог кўригидан ўтиб туринг.

Эксперт: Раънохон Тожибоева, акушер-гинеколог.
Манба: Avitsenna.uz