— УТТ таҳлили келинимда бачадон тушиши ҳолатини кўрсатди. Асли ҳомиладорликни режалаштириш учун тиббий кўрикдан ўтаётган эди. Бачадон тушиши мавжуд дейишгач, ўйланиб қолдим, ҳозирча фарзандли бўлишга шошилмагани маъқулмикан?
Гулнора ПЎЛАТОВА, гинеколог:
— Меъёрда бачадон аъзоси тос суяги соҳасида жойлашган бўлади. У бир қатор мушак ва тўқималар билан ушланиб турилади. Бачадон тушиши асосан туғруқ пайти қаттиқ кучаниш оқибатида келиб чиқади. Бунда мушаклар бўшашади ва бачадон жойлашуви ўзгаради.
Ёшга доир ўзгаришлар қаторида эстроген гормонининг камайиши ҳам мушакларни сустлаштиради. Англаганингиздек, бу ҳам бачадон тушишини келтириб чиқариши мумкин.
Булардан ташқари, тос мушакларига зарба берувчи ҳолатлар ҳам бор: булар, ич қотиши, сурункали йўтал, қорин бўшлиғида суюқлик тўпланиши, оғир юк кўтариш, тамаки чекиш кабилардир. Бачадон тушиши келиб чиққанида, тос соҳасида оғриқ, қиндан бирор нима чиқиб турганидек ҳиснинг мавжудлиги, пешоб ажратиш вақти ноқулайлик кузатилади. Муолажа гинеколог шифокор томонидан олиб борилиб, бачадон тушиши даражасига кўра белгиланади. Енгил бачадон тушишида гимнастика, эстроген шамчалар ва оғир жисмоний юкламалардан сақланиш буюрилади. Агар бачадон тушишининг иккинчи ва учинчи даражалари аниқланса, бунда тезкор даво чоралари қўлланилади.
Манба: «Даракчи» газетаси.