Соғлом оила - соғлом келажак

Бачадон найини олиб ташлаш хавфли эмасми?

Аёл репродуктив тизимида бошқа органлар каби бачадон найининг аҳамияти ҳам катта. Аммо баъзан уни жарроҳлик йўли билан олиб ташлашга тўғри келади. Шундай жиддий амалиёт олдида турган аёлларни қатор саволлар қийнаши табиий. Қуйида бу борада энг кўп тарқалган мурожаатларга ойдинлик киритамиз. Саҳифа эксперти – тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор-гинеколог Муяссар Назирова.

Бачадон найини олиб ташлаш учун қандай кўратмалар мавжуд?

Бачадон найларининг олиб ташланишига най(лар)нинг кучли яллиғланиши, улардаги ҳар хил патологиялар ёки бачадондан ташқари ҳомиладорлик сабаб бўлиши мумкин.

Организмнинг бу ораганидаги касалликлар асосан орттирилган бўлади. Яъни турмушга чиққач, жинсий ҳаёт бошланидан сўнг ташқаридан олиб кириладиган инфекциялар оқибатида юзага келади. Бетартиб жинсий ҳаёт ва кўп марталик абортлар инфекциянинг анча ичкарида жойлашган бу органгача етиб боришига сабабдир.

Бачадон ва унинг найлари аслида инфекциядан ҳоли (стерил) орган саналади. Лекин аёл вақтида даволанмаса, инфекция бачадонга, ундан сўнг эса найларга тушиши мумкин. Натижада яллиғланиш, найларнинг битиб қолиши ва бошқа касалликлар кузатилади. Яллиғланишда аввал кўп ажралмалар келади, аёл бунга эътибор бермаса, оғриқлар бошланиб, тана ҳарорати кўтарилади.

Шифокор яллиғланиш қаерда бўлганига қараб, найларнинг биттаси, баъзида эса иккисини ҳам олиб ташлашга кўрсатма бериши мумкин. Муолажа қилинмайди дейишингиз мумкин. Ҳар қандай даво чораси фақат мутахассис тавсияси билан бажарилади. Бачадондан ташқари, яъни найларда ҳомиладорлик юзага келса, аёл ҳаёти учун хавф туғилади. Чунки қон кетиши ва қаттиқ оғриқлар бошланади. Шунда ҳам найлар олиб ташланади.

Турмушга чиқмаган қизларда бачадон найларини олиб ташлаш ҳолатлари деярли йўқ, чунки уларда бунга олиб келадиган сабаблар ҳам йўқдир.

Бачадон найини олиб ташлаш зарарли эмасми?

Найлар ҳеч қандай гормонал аҳамиятга эга аъзо эмас, улар фақат ўтиш йўли вазифасини бажаради. Шунинг учун найларнинг олиб ташланиши аёл саломатлиги учун катта хавф туғдиради деган гап афсонадир. Шифокорлар бу амалиётга киришишдан олдин бемор ҳаётига нисбатан юзага келадиган барча хавфларни ўрганиб чиқишади, шундан сўнг амалиёт ўтказилиши мумкин.

Бачадон найи олиб ташлангач фарзандли бўлиш мумкинми?

Битта най билан ҳам табиий равишда ҳомиладор бўлиш имкони юқори ва ҳар икки жинсдаги фарзанд кўриш ҳам мумкин. Бордию иккала най ҳам олиб ташланса, экстрокорпорал уруғлантириш йўли билангина ҳомиладор бўлиш имкони сақланиб қолади. Агар аёлга ЭКУ қилиш тавсия қилинса ва унинг бачадон найларида яллиғланиш, суюқлик йиғилиши ҳамда бошқа дардлар кузатилса, амалиётдан олдин найлар олиб ташланади. Чунки найлардан бачадонга тушадиган суюқлик эмбрионнинг бачадон деворига ёпишиши ва нормал ривожланишига тўсиқни юзага келтириши мумкин.

Фойдали тавсиялар

Энг аввало, жинсий гигиена қоидаларига риоя этиш лозим. Қиндаги инфекцияларни вақтида даволаш, вақтида касалликларни ташхислаш, керакли таҳлиллар ўтказиш лозим. Турмушга чиққан аёл ҳар олти ойда гинеколог кўригидан ўтиши керак. Ва албатта, тартибли жинсий ҳаёт олиб бориш шарт.

Эксперт: Муяссар Назирова
Журналист: Шаҳноза Тўрахўжаева.
Манба: «Суғдиёна» газетаси.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.