
22 ёшимда бачадон миомаси борлиги сабаб, жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказдим ва бир томондаги тухумдоним олиб ташланди. Мана, бир йилдирки, ҳайз кўрмайман. Лекин ҳайз келиши мумкин бўлган кунларда қорним ва белимда кучли оғриқ сезилади.
Шифокорларга бордим, улар буюрган дориларни ичдим, парҳез тутдим, аммо фойдаси бўлмади. Текширувлардан бирида гинеколог ҳайз кўрмаган аёл қандай қилиб фарзандли бўлиши мумкин, деган эди. Бироқ кейинчалик ҳайз кўришим мумкинми ёки йўқлиги ҳақида ҳеч ким аниқ гап айтмаяпти.
Жавоб: Одатда, миома ўсимтаси ёши катта аёлларда учрайди. Қизларда эса бу камдан-кам ҳолатларда бўлиши мумкин. Миоманинг бу қадар кичик ёшда ўсишига етарлича сабаблар бўлган, албатта. Масалан, ўсмирлик даврида ҳайзнинг оғриқли ва кўп қон йўқотиш билан кечиши ҳамда организмдаги гормонал бузилишлар касаллик ривожланишига қулай муҳит яратган. Гормонал безлар, хусусан, бўқоқ хасталиги туфайли ҳам миома пайдо бўлади. Маслаҳатим, албатта, эндокринолог шифокор кўригидан ўтинг. Организмда гормонал дисбаланс вужудга келган бўлса, уни дарҳол даволаш лозим.
Тухумдон жуфт орган саналсада, у якка ўзи қолганида ҳам фаолиятини бажара олиши кўп бор исботланган. Лекин баъзида битта тухумдон ишлаб чиқараётган гормон бачадоннинг бутун вазифаларини тўлиқ бажариш учун етарли бўлмайди. Сизда ҳам шундай. Гормонлар ҳайз вақтини белгилаётгани сабаб, оғриқ пайдо бўляпти. Аммо улар ҳайз келишини таъминлашга ожизлик қиляпти.
Ҳайз даврини нормага солиш учун эндокринолог шифокор қон таркибидаги гормонлар миқдорини аниқлайди ҳамда уларга қўшимча сунъий равишда организмга керакли гормонлар киритилади. Улар, албатта, таблетка кўринишида бўлади.
Бундан ташқари, аденамиоз касаллигига тиббий текширувдан ўтишингизни ҳам тавсия қиламиз. Аденамиоз хасталигида ҳам ҳайз олди синдроми, яъни оғриқлар бўлади, лекин ҳайз келмайди. Ҳайз даври қанчалик тезроқ нормага солинса, кейинчалик фарзандли бўлиш имконияти ҳам шунча ортади. Йиллаб ҳайз кўрмаслик натижасида эса бепуштлик, эрта климакс, суяклар мўртлиги, соч тўкилиши, терида ўзгаришлар ва моддалар алмашинуви бузилиши рўй бериши мумкин.
Бачадонни олиб ташлаш жинсий ҳаётга чек қўядими?
Савол: Бундан ўн уч йил аввал сальпингоофорит ва перитонит касаллиги сабаб, иккала бачадон найчаси ва битта тухумдоним олиб ташланди. Шундан сўнг ҳайз циклимда ўзгаришлар юз берди. Кейинчалик эса миома пайдо бўлди.
Миоманинг келиб чиқишига тухумдон етишмовчилиги сабаб, дейишгани учун турли гормонал дориларни қабул қилиб юравердим. Натижада, гормонал воситалар қорин пардаорти ўсмасини ривожлантириб юборди. Бу ўсмани уч йил аввал жарроҳлик амалиёти билан олиб ташлашди. Яқиндан бошлаб ҳайз кўрмай қўйдим.
Миомага эса саккиз ҳафталик, деб ташхис қўйилди. Гормонал дориларни ҳам ичиб кўрдим. Лекин фойдаси йўқ. Тезда толиқаман, ҳаётга бўлган қизиқишим йўқ. Бирор иш қилгим келмайди, ҳеч нарса ёқмайди, эрим билан ҳам гаплашгим келмайди. Бу эрта климаксми?
Жавоб: Миома ташхиси қўйилганида, кўпинча, аёллар бачадонимни жарроҳлик амалиёти билан олиб ташлашади дея шифокор кўригига келишдан бош тортишади. Уларнинг назарида миома ўсимтаси билан бирга бачадон ҳам олиб ташланади, натижада эса жинсий ҳаёт издан чиқади. Бу нотўғри фикр.
Миома ўсимтасини консерватив ҳамда жарроҳлик йўли билан даволаш усуллари мавжуд. Миома туфайли бачадонни олиб ташлаш амалиёти бажарилган тақдирда ҳам жинсий ҳаёт сифати бузилмайди. Эркак аёлида бачадон бор ёки йўқлигини умуман сезмайди, унга шунчаки аёлининг ички жинсий аъзоси йўқлиги руҳий босим ўтказиши мумкин. Шу боис, шифокорлар кўп ҳолларда бачадон ампутацияси ҳақида бемор аёлларнинг эрларига хабар беришмайди.
Унутманг, миома хасталиги туфайли организмда камқонлик юзага келади. Биринчидан, ўсимта организмнинг бор кучини сўриб олади, иккинчидан, сурункали қон кетиши ўз асоратини кўрсатади. Буларнинг барчаси, албатта, ҳолсизланиш ва иммунитет пасайиб кетишига олиб келади. Маслаҳатим, миомани олдиринг.
Райҳон САЛОМОВА, акушер-гинеколог.
Ushbu mavzu yuzasidan savollaringiz bormi? Unda savollaringizni quyida "Fikr bildirish" qismi orqali yozib qoldiring. Dolzarb va muhim savollarga shifokor ekspertlarimiz javob berishadi.
Assalomu aleykum yoshim 25da bitta qizim bor yanvarda 11xaftali bolam õsmadi dori yordamida tushurdim aprelda 5xaftali bolam õsmadi puzurniy zanos dib chiqdi tozalatim 2mayda yana tozalatim puzurniy yana chiqdi chuncha bersez oldindan raxmat