35 ёшдаман, яқинда бачадонимдаги эрозияни даволатдим. Лекин ҳаво совиган кунларда белим бот-бот оғрийди. Эрозиянинг ўрни ҳам симиллаб туради, баъзан ҳайз кунларим ҳам чўзилиб кетади. Шифокор «тирноқгул дамламасидан ичсангиз, фойда беради», деди. Бу ўсимликдан қандай фойдаланишим мумкин?
Мавлуда Тошбоева, акушер-гинеколог:
— Тирноқгул (ноготки лекарственные) турли яраларни тузатишда, шунингдек, аёллар жинсий аъзолари хасталикларини даволашда ишлатилади. Бачадон эрозияси мавжуд бўлганда шундай муолажани қўлланг: 2 чой қошиқ майдаланган тирноқгул устидан 1,5 стакан қайноқ сув қуйинг ва 10 дақиқа дамланг. Сўнг сузгичдан ўтказиб, илиқ ҳолда кунига 2-3 маротаба ярим стакандан ичасиз.
Агар ҳайз оғриқли кечса ёки муддати ўзгарса, тирноқгулни чой ўрнида дамлаб, бир ҳафта давомида кунига бир маҳал чорак стакандан ичиб турилади. Дамлама ҳайз муддати яқинлашаётганда ичилса, янада самарали бўлади.