Соғлом оила - соғлом келажак

Бачадон бўйни эрозияси

Бачадон бўйни эрозияси ҳақида сўз юритишдан олдин, аввало, бачадоннинг тузилишини ўрганиб олиш керак.

Бачадон қандай аъзо?

Бачадон ковак аъзо бўлиб, мушаклардан тузилган. У кичкина чаноқ бўшлиғида, қовуқ билан тўғри ичак орасида жойлашиб, шакли нокка ўхшаш, бўшлиғи учбурчаксимон, бир бурчаги бачадон бўйни каналига, иккинчи бурчаги эса бачадон тубига, пастки бурчаги бачадон бўйни каналининг ички тешигига қаратилган. Юқоридаги икки бурчак бачадон найларининг тешигига тўғри келади. Бачадон девори – ички шиллиқ қават (эндометрий), ўрта – мушак қават (миометрий) ва ташқи сероз қават (қорин пардаси)дан иборат. Ҳомиладорликда мушак толаларининг йўғонлашиши ва янги толаларнинг пайдо бўлиши ҳисобига бачадон катталашиб, шакли ўзгаради. Туғруқдан кейин эса қисқариб, асл ҳолига қайтади. Аёл кексайган сари (айниқса, ҳайз кўриш буткул тўхтаганда) бачадон кичрая бошлайди. Бачадон жудаям ҳаракатчан бўлиб, тўғри ичак тўлганда ёки пешоб йиғилиб, қовуқ катталашганда осонгина ўз ҳажмини ўзгартира олади.

Бачадон бўйни эрозияси кўп учрайди

Бачадон бўйни эрозияси гинекологик касалликлар орасида энг кўп учрайди. Эрозия – лотинча сўз бўлиб, «юзанинг жароҳатланиши» деган маънони англатади. Бизга маълумки, бачадон бўйни уч қаватдан иборат бўлиб, унинг ташқи шиллиқ қавати кўп қаватли ясси эпителий ҳужайралардан ташкил топган. Бачадон бўйни ички каналининг қавати эса бир қаватли цилиндрсимон эпителий ҳужайралардан таркиб топган. Бу иккала ҳужайраларнинг чегараси, яъни бирикиш жойи бачадон бўйнининг ўтиш қисмида тўқнаш келади. Бачадон бўйни шиллиқ қаватининг юза қисми шикастланиши оқибатида эрозия вужудга келади. Бунда асосан бачадон бўйнининг атрофи қизаради.

Бачадон бўйни эрозиясини келтириб чиқарувчи омиллар талайгина. Энг асосий сабабчилардан бири – жинсий аъзолардаги яллиғланишлар. Чунки яллиғланишда бачадондан чиқинди кўп ажралади. Бундан ташқари, бачадон бўйнидаги безлар ҳам кўп шиллиқ ажратади ва натижада шиллиқ қават юзаси бичилиб, шилинади.

Ўша ташқи кўп қаватли ясси эпителий ҳужайраларнинг шикастланиши натижасида чин эрозия пайдо бўлади. Кейин унинг битиши жараёнида ички цилиндрсимон эпителий билан қопланиши натижасида чин эрозия сохта эрозияга айланади.

Эрозия турлари

Эрозиялар туғма, чин ва сохта бўлиши мумкин.

Туғма эрозия

Туғма эрозия янги туғилган чақалоқларда то балоғат ёшига етгунча кузатилади. Туғма эрозияга она қорнида ривожланаётган ҳомиланинг жинсий аъзолари етилаётган пайтида аёлдаги гормонал ўзгаришлар сабаб бўлади. Масалан, 16-17 ёшли қизларда ўша кўп қаватли ясси эпителийнинг жойини цилиндрсимон ҳужайралар эгаллаган бўлади. Лекин бу жараёнда етуклик давригача, яъни балоғатга ўтиш даврида бўладиган гормонал ўзгаришлар сабаб бачадон бўйни етилишининг тўлиқ шаклланиши инобатга олинади. Шунинг учун ҳам ёш қизларда туғма эрозия аниқланган тақдирда ҳам, дарров даво чоралари кўрилмайди. Чунки етилиш жараёнида (20-22 ёшгача давом этади) туғма эрозия ўз-ўзидан йўқолиб кетиши мумкин.

Чин ва сохта эрозиялар кўпроқ балоғатга етган қизлардан тортиб 18-36-40 ёшгача бўлган аёллар орасида кўп учрайди. Чунки бу пайтга келиб жинсий ҳаёт бошланади, шу билан бирга, ҳомиладорлик, туғруқлар даври ҳам ҳисобланади.

Чин эрозия

Ҳар бир туғруқ, ҳар бир бачадон ичига қилинган муолажалар, абортлар, туғруқдан кейинги жароҳатлар, жинсий аъзолардаги турли яллиғланишлар, вирус, бактерия, замбуруғлар, жинсий йўл билан юқувчи касалликлар, гормонал мувозанатларнинг бузилиши, иммунитетнинг пасайиши ва туғруқдан кейинги шикастларнинг ҳаммаси чин эрозия пайдо бўлишига туртки бўлади. Бу сабаблар натижасида бачадон бўйнининг ясси қавати шикастланади ва жароҳатланган жой чин эрозия дейилади. Лекин чин эрозия якка ўзи кечмайди, унга, албатта, яллиғланиш жараёни ҳам қўшилади.  Яллиғланиш жараёнида шиллиқ парда қизаради, шишади, бел ва қовуқ соҳасида оғриқ пайдо бўлиши мумкин. Жинсий аъзода алоқа вақтида оғриқлар кузатилади. Қиндан йирингли ва бошқа оқмалар ажралади. Чин эрозияда бачадон бўйнининг ташқи тешигини қоплаган ясси эпителий бўлмайди. Эпителийсиз юзалар ва уларнинг атрофида яллиғланиш жараёнлари кучаяди.

Шу соҳа шишиб, сўнг қаттиқ бўлиб қолади. Лейкоцит ва лимфоцитлардан иборат бўлган майда ҳужайрали инфилтрация юзага келиб, жароҳатланган жойдаги қон томирлар кенгаяди ва қонга тўлади. Энди жароҳат жойи тикланиши керакку, тикланиш жудаям суст бўлади, чунки яллиғланиш сурункали ҳолатда кечади, шунинг учун бу ўринни ясси эпителий ҳужайрадан олдин бачадон ички каналида жойлашган цилиндрсимон эпителий тез қоплаб олади. Натижада чин эрозия сохта эрозияга айланади.

Сохта эрозия

Сохта эрозия сурункали яллиғланиш жараёни бўлгани сабаб энди у ўз-ўзидан тикланиб, соғаймайди. Шунинг учун бачадон бўйни эрозияси аниқланганида аёл, албатта, тўлиқ даво чораларини қўллаши керак. Юқорида айтилганидек, бачадон бўйни эрозияси оғриқлар, қиндаги ажралмалар, жинсий яқинликдаги оғриқ ва, ҳаттоки, қонли ажралмалар билан ҳам келиши мумкин. Лекин 50 фоиз аёлларда касаллик аломатлари намоён бўлмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун ҳар бир аёл йилига 1 2 марта гинеколог текширувидан ўтиб туриши лозим.

Бачадон бўйни эрозиясини ҳозирги кунда аниқлаш ва ташхислаш қуйидаги усуллар орқали олиб борилади. Биринчи, қин ойнаси орқали кўриш, кейин бачадон бўйнининг тасвирини катталаштириб берадиган асбоб бор, бу колпоскоп, унинг ёрдамида қин бўйни текширилади. Бу колпоскопия усули дейилади. Кейин бачадон бўйнининг шикастланган жойидан суртма олиниб, ҳужайралар қанақа аҳволда, ўзгариш бор-йўқлигини билиш учун ситологик текширувдан ўтказилади. Агар лозим топилса, шикастланган жойдан, яъни ҳужайрадан кесиб олиниб, гистологик текширув ҳам амалга оширилади.

Бачадон бўйни эрозияси асоратлари

Бачадон бўйни эрозияси аниқланганидан кейин ҳар бир аёл, албатта, даво чораларини бошлаши шарт. Чунки бачадон бўйни эрозиясида одам папиллома вируси жойлашади. Папиллома вируси жойлашган ҳужайралар маълум муддат ичида, бачадон бўйни касалликларидан оддий кондиломадан тортиб бачадон бўйни саратонигача олиб келиши мумкинлиги аниқланган. Дунё аҳолиси аёллари орасида бачадон бўйни саратони кўкрак бези саратонидан кейин иккинчи ўринда туради. Шунинг учун бу касаллик аниқланганидан кейин, албатта, зудлик билан даво чораларини бошлаш керак.

Даво усуллари

Ҳозирги кунда тиббиётда бу касалликни даволашда ҳам бир қанча усуллар мавжуд бўлиб, улардан қайси бирини қўллашни шифокор касаллик даражасига қараб белгилайди. Биринчи ўринда, яллиғланиш жараёнига қарши, яъни инфекция қўзғатувчиси аниқланганидан кейин консерватив антибактериал терапия курси олиб борилади. Ундан кейин оператив усулларга диатермокоагуляция (яъни юқори ҳарорат ёрдамида куйдириш), криодиструкция (яъни музлатиб қўйиш) ва охиргиси жарроҳлик лазери ёрдамида даволаш. Ҳозирги кунда жарроҳлик лазери анча кенг қўлланилаётган ва энг самарали усул ҳисобланади. Унда куйдирилганидан кейинги битиш жараёни жуда тез якунланади. Мисол, диатермокоагуляция, криодиструкция. Тикланиш, яъни битиш тўрт ҳафтадан саккиз ҳафтагача давом этса, лазер ёрдамидаги усулда 3-4 ҳафта ичида бачадон бўйни бутунлай соғаяди.

Ўхшаш мақола: Бачадон бўйни эрозияси хавфли касалликми?

Манба: Tib.uz нашри