Бачадон танаси ва қин ўртасида бу икки аъзони бирлаштириб турувчи канал — бачадон бўйни жойлашган. Бу «кўприк»нинг шикастланиши, ҳатто, ҳомила тушишига ҳам олиб келувчи омиллардан саналади. Айниқса, бачадон бўйни эрозияси гинекологиядаги энг кенг тарқалган касалликлардан ҳисобланади. Ҳар йили ер юзида миллионлаб аёлга шу ташхис қўйилади. Аёлларнинг 50 фоизи бачадон бўйни эрозиясидан азият чекади. Хўш, бу қандай хасталик? Қандай пайдо бўлади ва уни қай тарзда даволаш керак?
Қандай пайдо бўлади?
Бунинг бир қанча сабаблари мавжуд. Жумладан:
- жинсий инфекциялар, қин дисбактериози ва аёлдаги жинсий хасталиклар;
- жинсий ҳаётни эрта бошлаш. Аёл жинсий аъзоларининг шиллиқ қавати 20-23 ёшга бориб, тўлиқ етилади;
- бачадон бўйни шикастлари. Бунинг асосий сабабчилари — туғуруқ ва абортлар;
- гормонал фондаги муаммолар;
- иммунитетнинг сусайиши;
- механик, яъни ғайриихтиёрий шикастланиш.
Шунингдек, бачадон бўйни эрозияси туғма бўлган ҳолатлар ҳам учрайди.
Бачадон бўйни эрозияси белгилари
- Қонли ажралма мавжудлиги (айниқса, жинсий яқинликдан сўнг);
- жинсий яқинлик вақтида оғриқ ҳисси.
Бироқ бачадон бўйни эрозияси аломатлари сезилмаслиги ҳам мумкин. Касаллик кўпинча ўзини намоён этмайди.
Эрозияни ташхислаш усуллари
Эрозияни шифокор қин ойнаси орқали осонгина ташхислайди. Касалликнинг безли, ғуддачали ва бошқа кўплаб турлари мавжуд. Статистика бўйича, ғуддали тури кўпинча саратон билан тугайди. Шу боис, эрозия характерини имкон қадар тезроқ аниқлаш лозим. Бунинг учун бачадон бўйни микроскопга ўхшаган катталаштириб кўрсатувчи махсус ускуна — кольпоскоп ёрдамида кўрилади. Шунингдек, цитологик хулоса (бачадон бўйни юзасидан мазок олиниб, микроскоп остида текшириш) ва гистологик текширув (аёлнинг зарарланган эпителий тўқимасидан кичкинагина парча кесиб олиб, ёмон сифатли ўзгариш бўлмаганини аниқлаш) ҳам зарур.
Даво чоралари
Бачадон бўйни эрозиясини даволаш шарт. Керакли муолажаларни олмаслик яхши ва ҳатто, ёмон сифатли ўсмаларнинг ривожланишига сабаб бўлиши, бачадон бўйни эрозиясининг без-киста кўриниши каби оғир формалари ривожланиши мумкин. Шунинг учун шифокор-гинеколог кўригидан ўтиб туриш жуда муҳим.
Айни пайтда бачадон бўйни эрозиясини даволашнинг бир қанча усуллари мавжуд. Қайси бирини қўллаш эса касаллик даражасига қараб белгиланади. Қинда яллиғланиш жараёни бўлганда биринчи галда инфекция қўзғатувчисини аниқлаш ва антибактериал терапия курсини олиб бориш зарур.
- Диатермокоагуляция (юқори ҳарорат ёрдамида куйдириш) — эски анъанавий усул. Айни пайтда асосан туққан аёллардаги яхши сифатли эрозияни даволашда қўлланилади. Диатермокоагуляция натижасида бачадон бўйни эластиклиги йўқолиши ва бу кейинги туғуруқларда ноқулайлик туғдириши мумкин. Куйдирилгандан сўнг яра 8-10 ҳафтада битади.
- Криодеструкция («музлатиб қўйиш») — патологик ўзгарган соҳага суюқ газ билан таъсир кўрсатиш орқали даволовчи усул. Бунда зарарланган юза музлатиб қўйилади. Бу усул оғриқсиз ва чандиқ қолдирмайди. Криодеструкциянинг салбий томони шундаки, тўқималарнинг етарлича музламаслик хавфи бор. Натижада ўзгарган ҳужайралар тамоман йўқолмайди. Яранинг битиш давомийлиги 8-10 ҳафта.
- Хирургик лазер ёрдамида даволаш — энг самарали ва бачадон бўйни касалликларини (эрозиядан тортиб, бачадон бўйни саратонининг бошланғич формаларигача) даволашнинг замонавий усули. Бунинг афзаллиги соғлом тўқималарнинг сақланиб қолиши, қўпол чандиқлар пайдо бўлмай, қисқа муддатда битишида. Яра 4-6 ҳафтада битади.
Эҳтиёт бўлинг!
- Биринчидан, бачадон бўйни эрозияси хламидия, гонококклар, оддий герпес вируси учун «кириш эшиги» бўлади. Чунки секреция эпителияси ҳимоя функциясига эга эмас.
- Иккинчидан, қиннинг кислотали муҳитида эрозия узоқ вақт мавжуд бўла олмайди. Шу боисдан ҳам эрозиянинг «ўзи битиши», яъни секреция тўқимасининг қаватма-қават жойлашуви жараёни бошланади. Бироқ бу кўп босқичли жараён ҳар доим ҳам сифатли бўлавермайди. «Битаётган» эрозия — инсон папиллома вирусининг севимли жойи. Жинсий йўл билан юқувчи бу вирус бачадон бўйнининг турли касалликларини (оддий кондиломалардан бачадон бўйни саратонигача) чақиради.
Унутманг!
Азиз аёллар, ҳар ярим йилда бир марта, албатта, гинеколог кўригидан ўтинг. Қачондир эрозиянгизни даволатган бўлсангиз, бу гинекологик текширувдан ўтишдан қочишга сабаб бўла олмайди. Касаллик ҳар қандай пайтда пайдо бўлиши мумкин.
Ўхшаш мақола: Бачадон бўйни эрозияси қандай касаллик?
Мутахассис: Республика ихтисослашган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббий маркази шифокори, олий тоифали акушер-гинеколог Жанна Арабян.
Журналист: Нилуфар Ваҳобова
Манба: «Sugdiyona.uz» нашри.