Соғлом оила - соғлом келажак

Аёлларда бепуштлик: сабаб ва ечимлар

Фарзанд – оиланинг умидибахту қувончитаянчичароғбони ва келажагиФарзандли оилада бағри бутунликшоду хуррамлик бўладиЗеро, «Болали уй – бозорболасиз уй – мозор», деб бекорга айтишмаганДунёдаги ҳар бир аёл фарзандли бўлишнигўдак исига тўйишни хоҳлайдиФарзанди тимсолида ўзининг орзуистаклариниумидларини кўради. «БЕПУШТ» деган ташхис эса аёлнинг кўнглини қаттиқ оғритиши шубҳасиз

Никоҳдан сўнг аёл бир йил ичида ҳомиладор бўлмаса, бепушт саналади. Турмуши давомида умуман бола кўрмаса бирламчи бепуштлик, битта фарзанд кўргач, қайта ҳомиладор бўлмаса иккиламчи бепуштлик сифатида қайд этилади. Мутлақ (иложсиз) бепуштликка эса аёлда жинсий аъзолар (бачадон, тухумдон) туғма йўқлиги сабабчидир.

Текширувларда аниқланишича, бепуштликка олиб келувчи асосий сабабларни уч турга бўлиш мумкин экан.

Овуляциянинг бузилиши

Ўттиз беш-қирқ фоиз аёлларда шу сабабга кўра бепуштлик кузатилади. Тухум ҳужайра (уруғ) тухумдонда етилади, шунинг учун тухумдон ҳа­қида аниқроқ тушунча бериб ўтсак. У аёллардаги бир жуфт жинсий без бўлиб, бачадоннинг икки ёнида (кичик чаноқда) овалсимон шаклда жойлашган.

Тухумдонда тухум ҳужайра ҳосил бўлишдан ташқари қонга гормон (фолликулин) ишлаб чиқарилади. Бу гормон аёллар жинсий аъзолари фаолиятининг меъёрида бўлишида катта рол ўйнайди ва иккиламчи жинсий белгилар (овознинг ўзгариши,кўкрак безлари ривожланиши, чаноқ кенгайиши)ни пайдо қилади.

Одатда ҳар 28 кунда тухумдонда бит­та тухум ҳужайра етилади, бу овул­яция дейилади. Кўпинча эса организмдаги гипофиз ва гипоталамус безлари ишлаб чиқарадиган гормонларнинг етишмовчилиги оқибатида ановуляция (уруғ етилмаслиги) кузатилади. Бунда ҳайз келиш муддати издан чиқади, баъзан аменорея (ҳайзнинг узоқ муддат келмай қолиши) рўй беради, гоҳида эса ҳайз маромида келиб турганда ҳам ановуляция кузатилади.

Кучли шамоллаш, руҳий изтироблар, буйрак усти безининг андроген гормонларни ҳаддан зиёд кўп ишлаб чиқариши, сурункали тухумдон яллиғланиши, буқоқ хасталиги сингарилар ҳам кўпинча ановуляция жараёнини келтириб чиқаради. Хуллас, бу жараённи ҳозирда аниқлаш қийинчилик туғдирмайди.

бепуштлик сабаблари

Текширув да­вомида қондаги гормонлар миқдори аниқланади, ультратовуш ёрдамида тухумдон ҳолати аниқланади ёки лапароскоп билан бачадон ичи синчиклаб текширилади. Шунда бирорта нуқсон сезилса, бартараф қилинади. Шунингдек, бугунги замонавий тиббиётда турли гормон препаратлари қўллаш орқали тухумдонда уруғ етилтирилади ва бе­пушт­ликка барҳам берилади.

Бачадон найлари нуқсонлари

Асосан 20-30 фоиз аёлларда шу сабабга кўра бепуштлик рўй беради. Бачадон найлари тухум йўллари ёки фаллопий найлари деб ҳам юритилади. Унинг узунлиги 10-12 сантиметр бўлиб, тухумдонда етилган тухум ҳу­жайра шу найлардан бачадонга ўтади. Ўнг тарафдаги най чап томондагига нисбатан узунроқ.

Бачадон найларининг тешиги бачадонга қа­раб очилади. Баъзан оталанган тухум ҳужайра бачадон найларининг яллиғланиши (ёки торлиги, қинғир-қийшиқлиги) туфайли ҳаракатлана олмай, найнинг бирор қисмига жойлашиб қолади (бунда бачадондан ташқари ҳомиладорлик рўй беради). Бачадон найларининг девори бириктирувчи, мушак ва шиллиқ қаватдан иборат.

Сурункали руҳий изтироблар, жин­сий гормонлар ишлаб чиқарилишининг издан чиқиши, яллиғланишлар (сўзак, хламидиоз, захм сингарилар) оқибатида ҳам бачадон найларида турли нуқсонлар келиб чиқади. Бундан ташқари, қорин бўшлиғи соҳасида амалга оширилган жарроҳлик муолажалари ёки ички ўткир касалликлар (масалан, кўричак, перитонит, полиплар, эндеметриоз)­дан кейин ҳам бачадон найларида нуқсонлар пайдо бўлиши мумкин. Бепуштликка сабаб бўлувчи бачадон найларидаги нуқсонлар ультратовуш текширувлари ва рентген аппарати ор­қали аниқланади ва муолажа қилинади.

Турли гинекологик хасталиклар

Бачадон касалликларида қўлланган гормонлар натижасида бачадон қа­ват­ларининг ўзгариши, туғуруқдан ке­йинги жиддий асоратлар, бачадон ўсмалари (миома, киста, полиплар) ва сурункали кечган яллиғланишлар 15-20 фоиз аёлларда бепуштликни келтириб чиқаради.

Масалан, кольпит (вагинит), метроэндометрит (бачадоннинг мушак ва шиллиқ қавати яллиғланиши), аднексит (бачадон найлари ва тухумдоннинг яллиғланиши), вульвовагинит (қин яллиғланиши), эндоцервицит (бачадон шиллиқ қаватининг яллиғланиши) каби хасталиклар сурункали кечган ҳолларда бепуштликка сабаб бўлади. Шунингдек, аёлларда учрайдиган бачадон аденомиози ва ташқи жинсий аъзоларидаги оғир жараёнлар ҳам бепушт­ликка олиб келади.

Жинсий аъзолар яллиғланиши хасталикларини даволаш учун аёл биринчи галда инфекцион дардлардан сақланиши лозим. Чунки кўп ҳолларда бундай яллиғланишларни турли инфекциялар (сил таёқчалари, замбуруғлар, го­нококк­лар) келтириб чиқаради. Шунингдек, нерв ва эндокрин тизимидаги ўзгаришлар, қон-томир ва юрак касалликлари ҳам жинсий аъзолар ишини ёмонлаштиради. Демак, жинсий аъзолар касалликларининг бирор тури аниқланиши биланоқ аёл дарҳол даволаниши лозим.

Диққат, оиладаги фарзандсизликка фақатгина аёл эмас, балки эркак ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Эркакларда кузатиладиган бепуштлик ҳақида мана бу ерда ўқишингиз мумкин.

Мутахассис: Маҳмуда Имомқулова, олий тоифали гинеколог.
Манба: Tib.uz