Соғлом оила - соғлом келажак

Аёлларда бепуштлик — сабаблари, белгилари ва даволаш усуллари

Аёллар бепуштлиги – бу соғлом, ҳаракатчан, етарли миқдорда бўлган сперматозоидларнинг тухум ҳужайрани уруғлантира олмаслиги бўлиб, бунда аёл бир йил давомида жинсий алоқада бўлган ва вояга етган бўлса ҳам ҳомиладор бўла олмаслигидир. Бундан ташқари бепуштлик деб ҳомиладорликининг ҳомила ташлаш билан тугашига ҳам айтилади. Бепуштликка дучор бўлган никоҳ 10-20 % ҳолларда учрайди.

Аёллар бепуштлигини ҳомиладорликни тўхташи билан фарқлаш керак, бунда сперматозоидлар тухум ҳужайрани уруғлантира олади лекин аёл организми ҳомилани ушлаб қололмайди ва у эмбриогенез даврида нобуд бўлади.

Бепуштлик муаммоси ҳозирги кунда энг долзарб муаммолардан биридир. Чунки жинсий аъзолар касалликлари кундан-кунга кўпаймоқда. Бепушт оилаларни 100 % деб олсак, уларнинг 33,3 % ига эркаклар сабабчи, 33,3 % ига эса аёллар, қолган ҳолларда иккала жинс аъзоси ҳам сабабчи бўлади.

Бепуштликка жисний аъзолар етилмаганлиги, уларнинг функцияси бузилиши, кучли интоксикация, умумий организмдаги сурункали касалликлар ҳамда психо-неврологик камчиликлар сабаб бўла олади. Бепуштлик мустақил касаллик эмас, у ҳар доим бошқа бирор бир касаллик натижасида келиб чиқади, аёлларда кўпинча яллиғланиш касалликлари сабабли бепуштлик келиб чиқади.

Аёлларда бепуштлик белгилари

Ҳайз цикли

Бепуштликка сабаблардан бири ҳайз циклининг бузилиши ҳам бўлиши мумкин. Нормада ҳайз цикли 21-35 кун давом этади ва 3 та фазадан иборат.

  1. Фолликуляр фаза – тухум ҳужайра етилиши (7 кундан 22 кунгача);
  2. Овуляция фазаси – тухум ҳужайра етилиши ва ажралиб чиқиши, уруғланишга тайёр даври;
  3. Лютеин фазаси – сариқ танача даври (13 кундан 15 кунгача).

Ушбу даврлар ичидан аёлларнинг ҳомиладор бўлиш имконияти, овуляция даврида энг юқори даражада бўлади.

Бепуштлик классификацияси

Бирламчи – ҳомиладорлик умуман кузатилмаган. Туғма гинекологик аномалиялар, аёллар жинсий аъзолари касалликларида ҳайз кўргандан кейин ҳомиладор бўлиш қобилияти йўқ.

Иккиламчи – аввал ҳомиладор бўлган, лекин ҳозирги пайтда ҳомиладор бўла олмаяпти. Умуман давосиз ёки даволаб бўладиган хиллари бор.

Баъзи адабиётларда аёллар жинсий тизими физиологияси ва патофизиологиясига асосланиб бепуштликнинг қуйидаги таснифи ҳам бор:

Физиологик. Вояга етмаган ва климакс ёшидан кейин ҳомиладор бўла олмаслик норма ҳисобланади.

Ихтиёрий. Бепуштликни аёл ўз хоҳишига кўра амалга оширади, яъни контрасептив воситалардан фойдаланиб.

Вақтинчалик. Узоқ муддатли стресс, бирор бир касаллик натижасида аёл организмининг кучсизланиши, лактацион аменорея – овуляциянинг тўхташи, ҳайз циклининг чўзилиши сабабли.

Доимий. Жарроҳлик амалиёти йўли билан аёл жинсий аъзолари олиб ташланганда.

Бепуштлик белгилари

Бепуштлик асосий белгиси нормал жинсий ҳаётга риоя этган ҳолда, бир йил давомида ҳомиладор бўла олмаслигидир. Бунда эркак спермограммаси нормада, мунтазам жинсий алоқа, контрасептив воситалардан фойдаланмаган ҳолда, аёл ёши 20 дан 45 ёшгача бўлсаю аёл ҳомиладор бўла олмайди.

Бепуштликда патологик белгилар кузатилмайди, яъни унинг яққол симптомлари йўқ, бу касаллик анамнез, умумий кўрик, лаборатор ва инструментал текширувлар орқали аниқлаб олинади.

Анамнез. Ҳайз цикли билан боғлиқ камчиликлар сўралади: муддати, давомийлиги, оғриқлилиги, ҳажми, қўшимча ажралмалар борлиги, инфекцион, ноинфекцион касалликлар, жарроҳлик амалиётлари ҳақида маълумот йиғилади.

Физикал кўрувда қуйидагилар аниқланади:

  • Гипофиз безида ўсмаларни истисно қилиш учун МТана вазни индекси 20-26 дан юқори ёки кам бўлмаслиги;
  • Тери қопламаси ва эндокрин безлари камчиликлари;
  • Сут безлари ривожланганлиги;
  • Кичик чаноқ соҳасидаги оғриқли ҳолатлар, бимануал палпация усулида текширилади;
  • Колпоскоп, қин ойнаси ёрдамида текширувда гинекологик касалликлар аниқланади;
  • Лаборатор ва инструментал текширувга қуйидагилар киради:
  • Гормонал текширув;
  • Кичик чаноқ аъзолари, қалқонсимон без УТТ (УЗИ) текшируви;
  • Гистеросалпингография – бачадон найининг беркилиб қолганлигини истисно қилиш учун рентгенологик текширув ўтказиш;
  • ЖЙБЙК ни инфекцион текшириш;РТ текшируви;
  • Лапроскопия қорин бўшлиғи визуал текшируви;
  • Гитероскопия – бачадон ичи деворларини рентгенологик текшируви.

Аёлларда бепуштлик сабаблари

Бепуштликка сабаблар жуда кўп, улар гоҳида белгиларсиз келиб диагноз қўйишда ва даволашда қийинчиликлар туғдиради.

Улар қуйидаги катта гуруҳларга бўлинади:

  • Жинсий аъзолар туғма аномалиялари;
  • Орттирилган жинсий аъзолар касалликлари;
  • Анатомик-морфологик ўзгаришлар;
  • Функционал ўзгаришлар.
  • Моддалар алмашинувида дисбаланс.
  • Гинекологик касалликларга боғлиқ бўлмаган сабаблар:
  • Физиологк жиҳатдан ёш ўтганлиги;
  • Ҳомиладорликка қарши препаратларни узоқ муддат қўллаш.

Контрасептив препаратлардан узоқ муддат фойдаланганда эстероген гормонининг ишлаб чиқарилиши камайганлиги сабабли, бу муолажалардан сўнг ҳомиладор бўлиш қобиляти пасайиб кетади. Бундай муаммоларга дучор бўлмаслик учун шифокор-гинеколог маслаҳатлари асосида контрасепсия усулини танлаш зарур.

Аёлларда бепуштлик белгилари

Аёлларда иккиламчи бепуштликка сабаблар

Аввал ҳомиладор бўлиб, фарзанд кўрган аёллар ҳам, ҳомиладорликни режалаштириб фарзандли бўла олишмайди. Бунга асосий сабаб, жинсий аъзолар инфекцион ва ноинфекцион касалликларидир.

Бепуштликка олиб келувчи факторлар

  • Бепуштликни чақирувчи касалликнинг анатомик жойлашуви;
  • Патофизиологик характерига кўра (эндокрин бузилишлари, жинсий ҳужайраларга қарши аутоиммун реакциялар);
  • Генетик аномалиялар;
  • Салбий турмуш тарзи натижасида келиб чиққан психо-неврологик ҳолатлар;

Эркаклар сабаб бўладиган бепуштлик

Нормада тухум ҳужайра уруғланиши учун эякулат таркибида камида 10 млн сперматозоидлар бўлиши керак. Аёл қинининг муҳити физиологик барер бўлиб, ҳар қандай ёт моддалардан ҳимоя қилиб туради. Қиндаги яллиғланишли касалликлар натижасида шу ерга тушган сперматозоидлар ўлиб кетади. Нормал ҳолатда эса тушган сперматозоидлар, бачадон шиллиқ қаватларидан ишлаб чиқариладиган махсус суюқлик билан ўралган ҳолда бачадон бўйинчасидан ўтади.

Сперматозоидларнинг бачадондан ўтишида қуйидагилар муҳим роль ўйнайди:

  • Сперматозоидлар активлиги ва ҳаракатчанлиги;
  • Ишлаб чиқарилган шиллиқнинг кимёвий-физик хусусиятлари.

Шиллиқ таркиби ва хусусияти бузилганда актив ва ҳаракатчан сперматозоидлар ҳам бачадон орқали ўта олмайди. Бундай омил бачадон бўйни шиллиқ қавати билан боғлиқ фактор дейилади.

Шиллиқ таркиби ва хусусияти ўзгариши сабаблар қуйидагилар бўлиши мумкин:

  • Жинсий гормонлар ишлаб чиқарилишидаги камчиликлар;
  • Бачадон бўйинчасидаги яллиғланишли касалликлар;
  • Бачадон бўйинчаси микрофлораси бузилиши.

Бачадон найи омиллари

Бачадон найи орқали етилган тухум ҳужайра бачадон бўшлиғига ўтади, бачадон найи киприкчали ҳужайралардан тузилган. Тухум ҳужайра ҳаракатланишида қуйидагилар муҳим роль ўйнайди:

  • Бачадон найининг перисталтикаси ҳисобига;
  • Киприкчали эпителийларнинг бир томонлама ҳаракати ҳисобига.

Ушбу киприкчаларнинг ҳаракатланиши бузилиши ҳисобига тухум ҳужайра бачадон найида туриб қолиши ва бачадондан ташқари ҳомиладорликка олиб келиши мумкин. Бундан ташқари бачадон найининг беркилиб қолиши ҳисобига тухум ҳужайранинг бачадон бўшлиғига ўта олмаслиги ҳам кузатилади – бу эса бачадон найи омили дейилади.

Бачадон найининг беркилиб қолиши (обтурацияси) қуйидагича бўлиши мумкин

  • Воронкасимон қисмида – бачадон найининг дистал қисмидаги беркилишлар;
  • Бачадон найининг проксимал қисмидаги беркилишлар;
  • Найнинг умумий беркилиши.

Бачадон найининг беркилиб қолиши спазм ёки най бўшлиғининг беркилиб қолиши (яллиғланишдан кейин спайкалар ҳосил бўлиши, ўсма, киста) ҳисобига келиб чиқади. Бачадон найининг баъзи касалликларида, у ерда транссудат (суюқлик) йиғилиб қолиши ҳам кузатилади ва у гидросалпинкс деб аталади.

Гидросалпинкс сабаблари

  • Салпингит – найнинг яллиғланиши;
  • Салпингоофорит – най ва тухумдоннинг яллиғланиши;
  • Аднексит – бачадон найи, тухумдон ва унинг боғламлари яллиғланиши.

Тухум ҳужайранинг йўли беркилиб қолиши, қорин бўшлиғида оғриқ чақиради. Гидросалпинксни диагностикасида рентгенологик текширув (гистеросалпингография) ва лапроскопия ўтказилади.

Аёллар бепуштлигининг давоси

Бепуштликнинг бачадон бўйни омили

Бачадон бўйни – қин ва бачадонни боғлаб турувчи «канал» бўлиб, унинг функцияси қуйидагилардан иборат:

  • Бачадонни ёт моддалардан ҳимоя қилиш;
  • Бачадонга сперматозоидларни ўтказиш;
  • У ишлаб чиқарадиган шиллиқ функцияси эса:
  • Сперматозоидларни шу жойда маълум муддат сақлаш;
  • Кучсиз сперматозоидларни ўтказмаслик;
  • Сперматозоидлар ҳаракатини кучайтириш.

Бачадон шиллиқ қавати функцияси у ишлаб чиқарадиган суюқ шиллиқ ҳисобига амалга ошади, ушбу шиллиқ ҳайз циклининг турли даврларида физик-кимёвий хусусиятларини ўзгартириб туради. Тухум ҳужайра уруғланиши учун овуляция вақтида, бу жойдаги муҳит пҲ кислоталидан нейтрал ва кучсиз ишқорий муҳитга ўтади, шу йўл билан сперматозоидлар ўлиб кетмайди. Агар бачадон бўйни ишлаб чиқарадиган шиллиқ патология сабаб ўзгарса сперматозидлар бачадонга кира олишмайди ва бу бўйин омили деб аталади.

Бачадон бўйни ташқи қисми – қин ойнаси ёрдами визуал кўрув билан текширилади, ички қисми эса оддий текшириш усуллари ёрдамида кўринмайди.

Бепуштликка олиб келувчи бачадон бўйни омилида колпоскопия текшируви натижасида «қорачиқ симптоми» аниқланади. Бунда бачадон бўйинчасига кириш жойида шаффоф ҳайз олди шиллиқ суюқлиги аниқланади.

Лаборатор текширувда

  • Шиллиқ таркибининг биокимёвий ва реологик текшируви;
  • Жинсий алоқадан сўнг сперматозоидлар ва шиллиқнинг бир-бирига таъсирини текшириш, одатда уларнинг таъсирлашиши 9-24 соат ичида амалга ошади;
  • Куртсрок-Миллер синамаси.

Бепуштликнинг перитонеал омили

Қорин бўшлиғида жойлашган аъзолар перитонеум (қорин парда) билан ўралган бўлиб, аъзолар бир-бирдан ажралиб туради. Қорин парда икки қаватдан иборат:

  1. Париетал қават – ташқи томондан қоплаган парда;
  2. Виссерал қават – органларга ёпишган ички парда.

Бачадон ва бачадон найи қорин парда билан осилиб туради. Қандайдир патоген фактор таъсирида қорин парда ва бачадон найи ўртасида спайка ҳосил бўлади (чандиқ). Бунинг натижасида бачадон найи: ҳаракатчанлиги, қон билан етарлича таъминланиши, унинг тўлиқ иннервацияси бузилади. Бачадон найи функцияси бузилади ва бу бепуштликнинг перитонеал омили деб аталади.

Бундай ҳолатга олиб келувчи сабаблар қуйидагилар:

  • Кичик чаноқ аъзолари яллиғланиш касалликларининг сурункалига ўтиши, кўпинча ЖЙБЙКда;
  • Кичик чаноқ аъзоларидаги жарроҳлик амалиётлари ва абортлардан сўнг;

Диагноз қўйиш учун УТТ (УЗИ), лапроскопия, эхография текширувлари ўтказилади.

Бепуштликнинг иммунологик омили

Нормада аёл организмига бегона оқсил яъни сперматозоидлар тушганда, иммун тизими уларга қарши реакция бермайди. Сперматозоидларнинг иммун тизимини қўзғатиб юборишининг сабаби яхши ўрганилмаган. Иммун тизими томонидан сперматозоидларга қарши махсус антитело ишлаб чиқарилиши, аллергик реакциянинг 2 типи асосида кечади. Бундай вазиятларда даво чораси иммунодепрессив усуллар билан олиб борилади.

Бепуштликка олиб келувчи иммунологик омилнинг яна бир тури – аёл организми иммун тизими ўзининг тухум ҳужайраларига қарши антитело ишлаб чиқаради. Бунинг давоси ҳам барча аутоиммун касалликлардаги каби олиб борилади.

Бепуштликнинг эндокрин омили

Гормонал дисбалансда ҳайз циклининг бузилиши ёки умуман бўлмаслиги келиб чиқади. Эндокрин тизими камчиликларига эса қуйидагилар сабаб бўлади:

  • Гипотоламо-гипофизар соҳадаги ўсмалар, бош мия жароҳатлари;
  • Андроген гормонларнинг эстероген гормонлар устидан «ҳукмронлиги», тухумдон ёки буйрак усти бези жароҳатларида, поликистозларида келиб чиқади;
  • Қалқонсимон без функциясининг пасайиши (гипотериоз) – ҳайз цикли бузилишига таъсир қилади;
  • Эстероген гормони етишмаслиги, ҳайз цикли ва жинсий аъзолар шиллиқ қаватига таъсир қилади;
  • Ёғ алмашинувининг бузилиши, уларнинг кўп ёки оз тўпланиши натижасида тухумдон функциясининг издан чиқиши;
  • Эрта бошланган климакс ҳисобига келиб чиққан гормонал ўзгаришалар;
  • Туғма эндокрин аномалиялари, жинсий аъзолар тўлиқ шаклланмаслигига олиб келади.

Бепуштликнинг психологик омили

Стресс – ташқи муҳит омилига бўлган организмнинг умумий таъсирланишидир. Стрессга олиб келувчи сабаблар индивидуал бўлиб, улар қуйидагилар кириши мумкин:

  • Салбий ахборотнинг кўплиги;
  • Мунтазам эмоционал зўриқишлар;
  • Организмнинг физиологик ёки патофизиологик реакциялари.

Сурункали стресс олиш натижасида организмнинг ҳимоя мослашувчанлиги пасайиб кетади. Биорегулятив функция (вегетатив нерв тизими, буйрак усти безлари, гипофиз гормонлари) бузилиб, организм адаптацион механизми ишдан чиқади. Бунинг натижасида гормонал алмашинув бузилиб, аёллар бепуштлик дардига дучор бўлишади.

Психологик омилдан қутулиш учун

Стресс факторларга бошқа тарафлама ёндашиш. Жисмоний тарбия, ҳоббилар, дам олиш, ижобий эмоциялар ва руҳий тарбиялар ёрдамида гормонал дисбалансларни тўғрилаш;

Малакали психолог тавсияларини олиш ҳам стрессдан қутулишга ёрдам беради.

Аёллар бепуштлигига сабаб

Бепуштликнинг генетик омили

  • Аёлларда бепуштликка олиб келувчи омиллар кам ўрганилган, уларга қуйидагилар киради:
  • Гиперандроген синдроми (аёлларда эркаклик гормони кўплиги);
  • Эндометриоз (бачадон шиллиқ қавати қалинлашиши);
  • Эрта келадиган климакс ёши;
  • Бирламчи аменорея синдроми (Шершевский-Тернер синдроми).

Бундай омилларни бартараф этиш анча мушкул.

Бепуштликни даволаш

Мутахассислар тухум ҳужайранинг уруғланиши учун энг қулай давр ҳайз циклининг 11 кунидан 18 кунигача бўлган вақт ҳисобланади. Ушбу кунларда эркак спермаси камида икки марта аёл жинсий аъзоларига тушса, максимал ҳисобланиб ҳомиладор бўлиш даражаси юқори бўлади. Жинсий алоқадан кейин аёл киши дарҳол душ қабул қилмаслиги керак, ўз жойида 10-15 дақиқа ётиши ва тиззаларини букиб олиши зарур.

Агар шундай усуллар билан ҳомиладорликка эриша олмасалар, эркак киши ва аёл киши махсус даво чоралари олишлари керак. Шунда ҳам ҳомиладорлик кузатилмаса, ЭКО (бачадондан ташқари уруғланиш) ўтказиш мумкин.

Ҳар бир аёл фарзанд кўриш умидида бўлади, агар аёл киши ҳомиладор бўла олмаётган бўлса, тушкунликка тушмаслик ва яхши ният билан даволаниши ва ишониши керак!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.