Соғлом оила - соғлом келажак

Аёллар саломатлиги учун хатарлар

Кўркам либос ва пардоз-андоз фақат соғлом аёлгагина ярашади. Шу боис ҳам биз, аёллар саломатлигимиз ҳақида ҳаммадан кўра кўпроқ қайғуришимиз зарур. Соғлиқ учун курашар эканмиз, унинг “душман”лари нималар эканлигини билиш зарар қилмайди, албатта.

ayollar salomatligi uchun xatarlar

Парҳез – фойда эмас, зарар!

Идеал қомат ва гўзал чеҳра соҳибаси бўлишга ҳаддан зиёд интилиб, кўпчилик аёллар ўз соғлиғига зарар келтираётганини сезишмайди ҳам. Билсангиз, аёл организмининг биринчи рақамли душмани очликдир. Парҳезга риоя қилиб, мажбуран оч юриш кони зарар. Энг ёмони эса кўпчилигимиз қаердадир ўқиган ёки дугонамиздан эшитганларимизга риоя қиламиз. Малакали мутахассис билан эса маслаҳатлашмаймиз. Одатда, бундай парҳез кутилган натижани бермайди, организмнинг одатий озуқасидан бош тортиш эса соғлиқ билан боғлиқ катта муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Масалан, юрак ритмининг бузилиши, соч тўкилиши, остеопороз, қабзият, томир тортишиши ва кўнгил айниши кабиларни олайлик. Буларнинг бари силлани қуритиб, асабга ҳам таъсир этмай қолмайди.

Тор либослардан воз кечинг!

Сарвқомат бўлай, деб аёллар тор-таранг либосларни кийиб юришга одатланишган. Айниқса, қоматни бир неча сантиметр кичикроқ қилиб кўрсатувчи ички кийимларни кийишни ҳам канда қилмаймиз. Шифокорларнинг таъкидлашича, мунтазам тор кийимлар кийиш организмда модда алмашинувини издан чиқариб, гинекологик ва эндокринологик касалликларга сабаб бўлади, бепуштликни рағбатлантиради. Хусусан, тор шим кийиш оқибатида қизларда тос суягининг қисқариши, яъни торайиш юз бермоқда. Бу эса аёлни энг олий вазифаси – фарзанд дунёга келтиришдан маҳрум этиши ҳам мумкин. Шунингдек, ички кийимларни танлаётганда табиий матодан тикилганларини сотиб олиш мақсадга мувофиқдир.

Баланд пошнали пойабзал

Баланд пошнали оёқ кийимлар аёл кишига янада мафтункорлик бахш этиши билан бирга унинг ўзига бўлган ишончини ҳам оширади. Аммо соатлаб ноқулай ҳолатда турган оёқ мушаклари чарчайди ва моддалар алмашинуви бузилиб, турли салбий натижалар юзага келади. Оёқнинг товон қисми баландда бўлгач, асосий босим оёқ кафти остига тушади. Меъёр бузилиши тананинг устуни – умуртқа поғонасига оғирлик қилиб, аёлнинг гавда тузилишида ўзгаришлар юзага келади. Узоқ муддатли ва ҳаддан ортиқ кучли зўриқиш мушаклар толиқиши ва оёқ панжалари зўриқишига олиб келади. Оёқ панжаларида, болдир, тизза бўғимлари, бел соҳаси ва бошда оғриқ пайдо бўлиши мумкин. Оёқ томирларининг варикоз кенгайиши, асаб билан боғлиқ турли дардлар, орттирилган кўндаланг яссиоёқлик келиб чиқиши, шунингдек, ёш ўтган сари оёқ бармоқлари шаклининг ўзгариши, подагра юзага келишига ҳам баланд пошнали оёқ кийимлар сабаб бўлади.

Ҳаракатсизлик

Узоқ муддат бир жойда ўтириш – аёлларнинг энг катта душманларидан бири. Статистик маълумотларга кўра, бир ерда кўп вақт ўтириб ишлайдиган одамлар фаол кишиларга нисбатан ўртача ўн йилга эрта қарийдилар. Мунтазам ўтириш ортиқча вазн ва моддалар алмашинуви бузилишига олиб келиши исботланган. Камҳаракат турмуш тарзи бавосил (геморрой), остеохондроз, семириш, юрак етишмовчилиги каби оқибатларга олиб келади. Шунингдек, ҳаракатсизлик туфайли умуртқа артерияси тизимида сустлик юзага келиб, миянинг қон билан таъминланиши бузилиши ҳам мумкин. Бундан бош оғриғи келиб чиқади, хотира пасаяди, қон босими кўтарилади ва ҳолдан тойиш кучаяди. Ўтирганда бел соҳасидаги умуртқа дискига тушадиган босим тўрт баравар ошади. Бунда нимжон қорин мушаклари умуртқани умуман “қўллаб-қувватлай” олмай қолади. Натижада, белингиз букилиб, қорин осилиб қолади ва у ички аъзоларнинг силжишига олиб келади. Бу эса ошқозон-ичак йўлида содир бўладиган кўпгина муаммоларга сабабдир. Бундан ташқари, камҳаракат турмуш тарзи кичик тос соҳасида қон айланишининг бузилишини келтириб чиқаради.

“Енгилгина” шамоллаш

Енгилгина шамоллаш, вақтида даволанмаган тиш касалликлари, ангина, совуқ, зах ерда ўтириш – кўпчилик аёллар учун таниш ҳолат, тўғрими? Бундай эътиборсизлик соғлиққа зарар келтиради. Чунки, одатда, буйракдан сийдик йўлигача бўлган аъзолар қонни тинимсиз бактериялардан тозалайди. Организмда иссиқликни сақлаш ўрнига совқотиш юз берса, жинсий аъзоларда яллиғланиш пайдо бўлади. Шамоллашдан кейин бел соҳасида тортувчи оғриқ, ҳожатга борганда ачишиш, кечга яқин озгина иситма кузатилса, билингки, «оддийгина” шамоллаш нафас йўлларидан анча пастга, сийдик йўлларига ўтган. Шамоллашни даволаш вақтида кўпроқ иссиқ ўраниб ётиш, томоққа компресс қўйиш, оёқни иссиқ ванна қилиш тавсия этилади. Бу оддий муолажалар билан яллиғланишнинг буйрак, қовуқ ва жинсий аъзоларга ўтишига йўл қўймаслик мумкин.

Азиз аёллар, ўз соғлиғингизга беэътибор бўлманг!

 

Мутахассис: Нафиса СУЛТОНОВ, акушер-гинеколог
Журналист: Дилноза Шуҳрат қизи
Манба: Sugdiyona.uz

Изоҳлар

  1. Шохрух

    Ёшим 28 да мен анчадан буён онанизм б.н шугулланиб келганман енди уни килмасам мояк сохаси бел сохаси ва ковигимда огрик буляпти онанизм клсам огрик б.н келиб кейин огримай енгил тортаяпман ёрдам беринг кандай кутилсам булади бу дарддан

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте, как обрабатываются ваши данные комментариев.