Маълумки, 45 ёшдан эътиборан аёлларда климакс олди даври бошланади ва бу охир-оқибат ҳайзнинг ва аёллар жинсий гормони – эстроген ишлаб чиқарилишининг тўхташи билан тугайди. Климакс фақатгина аёлларга хос деб ўйласангиз, адашасиз. Бундай ҳолат эркакларда ҳам бўлади ва у андропауза деб аталади. Аёллар ва эркаклар климаксининг фарқи шундаки, андропаузадан кейин ҳам эркакларда репродуктив фаолият сақланиб қолади.
Андропаузанинг асосий белгиси эркаклик жинсий гормони бўлмиш тестостерон ишлаб чиқарилишининг камайишидир. Одатда 30 ёшдан бошлаб тестостерон ишлаб чиқарилиши йилига 1-2 фоиздан камайиб боради. Андропаузага чалинган эркаклар ўртача 45 ёшда бўлади.
Эркак саломатлиги учун тестостерон қанчалик муҳим?
Тестостерон эркаклардаги асосий жинсий гормон бўлиб, жинсий аъзолар ва суяк-мушак тизимининг рисоладагидек ривожланиши, тукларнинг чиқиши, иккиламчи жинсий белгиларнинг пайдо бўлиши, жинсий майлнинг уйғониши учун масъул ҳисобланади. Қисқача айтганда, тестостерон эркакни эркак қилиб турадиган гормондир.
Эркак организмида тестостерон гормонининг камайиб кетиши туфайли моддалар алмашинуви бузилади, жинсий майл сусаяди, эректиль дисфункция (жинсий ожизлик) белгилари пайдо бўлади.
Гормонал бузилишлар тестостерон ишлаб чиқарилиши камайишига олиб келувчи сабаблардан биридир. Гормонал бузилишлар натижасида сперматогенез (сперма ҳосил бўлиши) ҳам бузилади, мушак массаси ва жинсий майл камаяди, жинсий ожизлик келиб чиқади. Баъзида бу жараён эркакларда сут безларининг катталашиши, мояк ва простата бези ҳажмининг кичрайишига ҳам олиб келади.
Баъзан айрим дори препаратлари – преднизолон, анаболикларни қабул қилиш; инфекциялар, жароҳат ёки жарроҳлик операциялари туфайли моякнинг зарарланиши туфайли ҳам тестостерон ишлаб чиқарилиши камайиши мумкин. Бундан ташқари, узоқ давом этган руҳий тушкунлик, стресс ҳам шундай ҳолатга олиб келади. Шу ўринда барқарор жинсий ҳаёт кечириш ҳам муҳим аҳамиятга эгалигини унутмаслик лозим.
Ҳеч қандай таҳлилларсиз ҳам андропауза яқинлашаётганини сезса бўлади. Эректиль функциянинг бузилиши, жинсий майлнинг ва спермада репродуктив хусусиятнинг камайиши ушбу ҳолатнинг асосий белгилари ҳисобланади.
«Қизиғи, баъзи эркаклар климакс даврида таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетишади. Жаҳлдор, серзарда эркаклар бирданига ювош тортиб қолиши, мусичадек беозор эркаклар эса дуч келганга заҳрини сочадиган, ғазабнок одамга айланиб қолишлари мумкин, киши арзимаган руҳий таъсиротларга ҳам берилувчан бўлиб қолади», – дейди уролог-андролог Зарифжон Муродов.
Қайси босқичда бўлмасин, андропаузани даволаш даркор. Бу энг аввало эркакнинг ўзи учун керак. Оз бўлса-да, тестостерон даражасининг нормаллашуви ва бу гормон ишлаб чиқарилишининг изга тушиши эркакда ўзига бўлган ишончнинг ортишига хизмат қилади. Ахир эркак учун энг муҳими шу эмасми?..
Андропаузани аниқлаш
Саволларга «ҳа» ёки «йўқ» деб жавоб беринг.
- Сизда умумий аҳволнинг ёмонолашиши кузатиляптими?
- Бўғимлар ва мушакларда оғриқ борми?
- Тер ажралиши кўпайганми?
- Уйқу бузилишлари кузатиляптими?
- Ҳадеб уйқу босяптими, тез чарчаб қоляпсизми?
- Охирги пайтда жиззаки бўлиб қолдингизми?
- Асабийлик (ички зўриқиш, беҳаловатлик) кузатиляптими?
- Хавотир ҳолатлари (саросимага тушиш) кузатиляпти?
- Жисмонан заифлашиб қолдингизми?
- Мушакларингизда қувват камайдими?
- Сизда депрессив ҳолатлар кузатиляптими?
- Фаол даврим ўтиб кетди, деб ўйлаяпсизми?
- Ўзингизга ишонч камайдими?
- Юзингизда туклар камайдими?
- Жинсий қобилиятингиз сусайдими?
- Эрталабки эрекциялар камайганми?
- Жинсий майл камайганми?
Жавобларингиз орасида «ҳа» қанчалик кўп бўлса, сизда андропауза белгилари шунчалик кучли. Вақтни ўтказмасдан шифокорга мурожаат қилинг!
Манба: «Tib.uz» нашри
Salom. Menda xolsizlik bezovtalanish payda bop qoldi nimada bolishi mumkun isiqdanmi yoki prastata bezi shamolaganidanmi. ozimi odigina sovuq sudanxam bezip qoldim oldinlari soymi suv xavzasmi daryomi xullas kop chomlasdim xichnarsa yoqme qoldi bundan bir yiloldin 3 joyimga pichoq tigi bilan jaroxatlanganman aperatsya qiliwgan wuni tasrmi yoki bowqa narsadanmkin oldindan raxmat
Shifokorga ko’rinishingiz lozim. Aynan qayerlardan jarohatlangansiz va operatsiya hech qanday asorat qoldirmaganmi? Ya’ni operatsiyadan keyin qandaydir ortqicha bezovtaliklar sezilmaganmi?
Operatsiya payti qanaqadir infeksiya yuqtrgan bulishiz mumkin. Bir marta tekshirtrvoring.