Ёшингиз 35 ёки ундан юқори. Сиз ҳомиладор бўлиш ҳаракатидасиз. Ҳойнаҳой, атрофингиздагилар саломатлигингиз, нега кеч фарзанд кўришни режалаштирганингизни билишга қизиқиб, суриштираётган бўлишса керак. Чунки аёллар орасида кечки ҳомиладорлик ҳақида турлича ваҳимали мисоллар тилга олинади. Улар қанчалик тўғри эканлиги ва бу ёшдаги ҳомиладорликда эътибор бериш зарур бўлган жиҳатларга ойдинлик киритамиз.
Илк ҳомиладорлик
Ҳомиладорликни режалаштиришда аёлнинг ёши муҳим омиллардан бири эканлиги рост. Ҳусусан, биринчи ҳомиладорлик учун 21-24 ёшлар орасидаги давр мақбул саналади. Агар биринчи ҳомиладорлик 35 ёш ва ундан кейинги даврга тўғри келса, бунда аёлнинг саломатлиги, ҳайз циклидаги бузилишлар, жинсий аъзолар яллиғланиши ёки бошқа турдаги касалликлар бор-йўқлиги, авваллари ҳомила тушиши, аборт ёки ҳомиланинг ўсмай қолиши, стресс, асабийлик, невроз, вирусли касалликларга чалиниш ҳолатлари, камқонлик, сурункали буйрак, юрак ҳасталиклари, қандли диабет каби ҳолатлар кузатилган бўлиши эҳтимоли ўрганилади.
Хавф солиши мумкин…
Ёшга доир ўзгаришлар кечки ҳомиладорликка бир қанча омиллар билан ҳавф солиши мумкин. Бунинг асосий сабаби эса аёлнинг саломатлиги билан боғлиқдир. Жумладан:
Аёл организмида антиначалар ишлаб чиқарилиши ҳомилани нобуд қилиб, унинг ривожланишига тўсқиник қилади. Бундай ҳолатларда қондаги антитаначалар миқдорини аниқлашга доир текширув ўтказиш керак.
Артериал қон босимининг кўтарилиши – кечки гестоз (токсикоз)ни юзага келтириши ва бунинг оқибатида муддатидан аввалги туғруқ содир бўлиши эҳтимоли ортади. Бу ёшда баъзи аёлларнинг мушак тўқималарида эластиклик ҳусусияти камайиб, ҳомилада гипоксия, яъни кислород етишмовчилиги юзага келиши мумкин.
Она бўлишга тайёрмисиз?
Бу ёшда илк ҳомиладорликни режалаштиришдан аввал бир неча текширувлардан ўтиш лозим. Ҳусусан:
Терапевт кўриги – сурункали турдаги касалликлар ва уларнинг кечишини ўрганиб, зарур ҳолларда умумий ҳолатингизни яхшилашга қаратилган муолажа тайинланади;
Гинеколог кўригида — жинсий йўл билан ўтувчи инфекциялар қиндан олинган суртма таҳлилига кўра, инфекция ва турли хилдаги касалликлар бор-йўқлиги аниқланади;
Тор доирадаги мутахассислар кўриги, жумладан, лор, окулист, эндокринолог, кардиолог, невропатолог текшируви ҳамда стоматолог кўриги зарур. Тиббий текширувда экстрагенитал касалликлар эрта аниқланиб, хасталик асоратларининг олди олинади.
УТТ текшируви – бу ёшда аёллар организмида ёшга доир ўзгаришлар юз бериб, миома, эрозия ёки полип каби ўсмалар пайдо бўлиши эҳтимоли ортади. УТТ таҳлили орқали бачадон ҳолати, тухумдонлар ва жинсий аъзолардаги бошқа муаммолар текширилади;
Қоннинг умумий, “ТОРЧ” инфекциялари, қандли диабет, ОИТС каби касалликларга доир таҳлили ўтказилади.
Генетик шифокорга бориш шартми?
Кечки илк ҳомиладорлик айнан 35 ёшдан кейинги даврга тўғри келганида Даун хасталигининг юзага келиши эҳтимоли юқори бўлишини назарда тутган ҳолда генетик шифокор кўригидиан ўтиш тавсия этилади. Бунда дастлаб аёлнинг УТТ текшируви ўтказилиб, у ҳомиланинг 13-16 ва 22 ҳафталикларида амалга оширилади. Ҳомилада хасталик аломатлари тахмин қилинса, иккинчи уч ойликда аёл организмидаги альфа-фенотропин, эстроген ва хорион генодропин даражаси ўлчанади. Ташхис аниқ хулосалар билан тасдиқлангудай бўлса, ота-онага хабар қилиниб, келажакда юзага келиши мумкин бўлган ҳолатлардан огоҳлантирилади.
Сиз — ҳомиладорсиз…
Кечки ҳомиладорликда аёл организмида айрим ўзгаришлар юзага келиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда шифокор назоратида бўлиш, ойлик текширувлардан ўтиш, умумий аҳволингизни назоратда ушлаш тавсия этилади. Айниқса, биринчи уч ойликда ўзингизни эҳтиёт қилишингиз, зўриқмаслик, асабни тинчлантириш, толиқиш, кескин ҳаракатлар қилмасликка аҳамият бериш лозим. Токсикознинг ўтиш ҳолатига кўра, шифокор тавсияси билан енгиллаштирувчи препаратлар буюрилиши мумкин.
“Ўзим туға олармиканман?”
Агар ҳомиладорлик даври жиддий ўзгаришлар ва саломатлигингизда муаммоларсиз кечса, табиий туғруқни амалга ошириш имкониятига эгасиз. Борди-ю, сурункали касалликлар ҳуружи эҳтимоли тахмин қилинса, юрак, буйрак, миопия, қон босими юқорилиги ёки тос суягининг кичиклиги каби ҳолатлар мавжуд бўлса, шифокор йўлланмасига кўра, режали кесарча кесиш амалиёти ўтказилиши мумкин.
Иккинчи ва учинчи ҳомиладорлик
Баъзан биринчи ёки иккинчи фарзанд туғилганидан сўнг кейинги ҳомиладорлик қийинлашади. Бунга аёл организмидаги ўзгаришлар, турли характердаги сурункали, вирусли касалликлар сабаб бўлиши мумкин. Кўпчилик биринчи фарзанд билан кейингиларининг орасидаги фарқ 7-8 йилни ташкил этса, туғруқ даври ҳудди биринчисидек ўтади, деб ўйлайди. Шифокорлар бу ҳолатнинг юзага келишини аёлнинг саломатлиги билан боғлиқ ўзгаришлар ва туғруққа тайёргарлик жараёни билан боғлашади. Агар саломатлигингиз билан боғлиқ муаммолар бўлмаса, туғруқ жараёни ҳам енгил ўтади. Ҳомиладорлик юзага келмаётган бўлса, албатта, тўлиқ текширувдан ўтинг ва таҳлил намуналарини топширинг. Текширув натижасида бирор ўзгариш аниқланса, унга доир муолажалар буюрилади. Ана шундан сўнг яна бир марта қайта текширувдан ўтиб, ҳомиладорликни режалаштиришингиз мумкин.
Даволансам, фарзанд кўра оламанми?
Тиббиётда аёлнинг саломатлигига хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланса, фарзанд кўриш тавсия этилмайди. Текширув натижаларига кўра, аниқланган касалликларнинг келиб чиқиши сабаби ўрганилиб, керакли муолажа тайинланади. Ўз вақтида ва тўғри даволаниш ишларига риоя қилсангиз, албатта, ҳомиладор бўласиз.
Эътибор беринг…
Соғлом онадан соғлом бола туғилади, деган тамойил нечоғли ҳақиқат эканлигига саломатлигингизни тартибга келтиргач, ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Тўғри, узоқ муддат ҳомиладор бўлолмаслик ёки кечки илк ҳомиладорлик олдидан қўрқув ва ҳадик бўлиши табиий. Аммо руҳиятингизни соғлом фарзандни дунёга келтириш ва ҳомиладорлик даврини жиддий асоратларсиз ўтказишга тайёрлаб борсангиз, албатта, ҳаммаси яхши бўлади. Муҳими, кечки ҳомиладорлик ҳақидаги турли афсоналарга чалғимасликка ҳаракат қилинг!
Экперт: Олий тоифали шифокор гинеколог Гулнора Пўлатова
Журналист: Дилдора Юсуфбекова
Манба: «Суғдиёна» газетаси.
Сайт: Dnk.uz